Пойтахтимизда жойлашган “Универсал” спорт саройида француз бокси "Сават" бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ва кубоги мусобақаларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари умумий ҳисобда 11 та медални қўлга киритди.
20 га яқин давлатдан 200 нафардан ортиқ ёш спортчилар иштирок этган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 3 та олтин ва 4 та кумуш медалга эгалик қилган ҳолда умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади. 1-ўрин Франция, 3-ўрин Хорватия терма жамоасига тегишли бўлди.

Ўз иқтидори, маҳорат ва ғалабага бўлган иштиёқларини намоён қилган спортчиларимиз жаҳон кубоги баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси фахрли 1-ўринни эгаллади. 2-ўрин Россия, 3-ўрин Туркия жамоасига насиб этди.
Ғолиб ва совриндор спортчиларга медал ва дипломлар тантанали тарзда топширилди.
Мазкур мусобақа Ўзбекистон спорт тарихида янги саҳифа очиб, мамлакатимиз нуфузини халқаро майдонда янада оширди.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА