Францияда тўфон: 41 киши жароҳатланди
Франция жануби-ғарбидаги Од минтақасида кучли тўфон кўтарилиб, 41 киши жароҳатланди, 300 га яқин уйга зарар етди. Энг жиддий талафот Пома қишлоғида қайд этилди. Айрим уйларнинг томи бутунлай учиб кетган.
Қарийб 1000 аҳоли яшайдиган, Каркассон ва Лиму шаҳарлари оралиғида жойлашган Пома қишлоғида хавфсизлик чорасини кўриш учун 120 дан зиёд ўт ўчирувчи сафарбар этилган. Зарар кўрган биноларни мустаҳкамлаш ва одамлар хавфсизлигини таъминлаш ишлари бошланган.
Жабрланганлар орасида ҳомиладор аёл ҳам бор. У уйи қулаб тушганда жароҳат олган. Метеорология хизмати маълумотига кўра, яқиндаги Аркетт-ан-Вал қишлоғида шамол тезлиги соатига 117 километрга етган.
Кучли бўрон Франция жанубида транспорт ҳаракатига ҳам жиддий таъсир кўрсатди. Поездлар жадвали ўзгарди, айрим йўллар ёпилди, Бордо, Марсель, Ницца, Тулуза ва ҳатто Париж аэропортларида ҳам парвозлар кечикди ёки бекор қилинди. Одда ўтказилаётган велопойганинг учинчи босқичи ҳам дўл ёғиши оқибатида бекор қилинди. Ҳудуддаги қарийб 2 800 хонадон ҳамон электрсиз қолган.
Мусулмон Зиё, ЎзА