Франция музейига яна ўғри тушди
Номаълум шахслар Франция жанубида, Ница яқинидаги Кагнес-сур-Мер шаҳрида жойлашган импрессионист Огюст Ренуар музейидан тўрт расмни ўғирлаб кетган. Жиноятчилар 8 сентябрь куни эрта тонг музейга бостириб кирган. Полиция воқеадан маҳаллий вақт билан соат 6:00 атрофида огоҳлик қўнғироғи ишга тушгандан сўнг хабар топган.
Терговчилар камера ёзувида икки киши рамкадан расм кесиб олаётганини кўрган. Жами 4 асар ўғирланган, дея тахмин қилинмоқда.
Полиция етиб келгач, талончилар икки картинани музей боғида қолдириб, икки ўлжа билан қочган. Ўғирланган расмлар – “Колонна Романо хоним” (1910 йил) ва “Қудуқдаги ёш аёл” (тахминан 1886 йил). Боғдан “Стефан Пишон хоним портрети” (1895) ва “Коко ўқиши” (1905) асарлари топилган.

Кўп вақт ўтмай, полиция гумонланувчиларни аниқлади. Улар орасида Италия фуқароси ҳам бўлиши мумкин.
С.Раҳимов, ЎзА