Франция иқтисодиёти “кучли парҳез”га муҳтожми?
Франция қарзи яна ўсмоқда – мамлакат молияси 1978 йилдан бери кузатилмаган даражадаги босим остида қолди. Ҳукумат 2027 йил учун 54 миллиард евро тежамкорлик чорасини тайёрлаган бир пайт, давлат қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 119,3 фоизга чиқиши кутиляпти.
Молия вазирлиги маълумотига кўра, қарз ҳажми 2027 йил 121,7 фоизга кўтарилиши мумкин. Бу Европа Иттифоқи давлатлари интилиши керак бўлган 60 фоизлик меъёрдан икки баробар юқори. Бюджет тақчиллиги ҳам меъёрдан анча ошиб кетган: 2025 йил ЯИМнинг 5,1 фоизини ташкил этган. Мазкур кўрсаткич 2026 йил 5,4 фоизга чиқиши, 2027 йил эса 5 фоизга тушиши тахмин қилиняпти. Шу боис Франция сўнгги икки йил ЕИ махсус назорати остида қолмоқда.
Бош вазир Себастьян Лекорню ҳукумат харажатини қисқартириш ва бюджетни тартибга солиш учун 54 миллиард евролик чора таклиф этса-да, президентлик сайлови арафасида энг баҳсли қарор тақдирини парламентга қолдирди. Жумладан, пенсионерларга бериладиган айрим солиқ имтиёзларини камайтириш режаси аллақачон қаршиликка учраган. Молиявий кенгаш раҳбари Амели де Монтшален эса инқироз ҳали муқаррар эмаслиги, вазиятни тезкор ва масъулиятли қарорлар орқали ўзгартириш мумкинлигини айтди.
Мусулмон Зиё, ЎзА