Форум иштирокчилари - Самарқандда
I Марказий Осиё талабалар спорти халқаро форуми доирасида хорижий меҳмонлар учун Самарқанд шаҳрига сафар ташкил этилди. Дастурдан тарихий-маданий обидалар ва замонавий таълим муассасалари билан танишиш ўрин олди.
Делегация таркибида Халқаро университетлар спорти федерацияси (FISU) президенти Леонц Эдер, FISU Бош котиби ўринбосари Фернандо Силва Паренте, Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси раиси ўринбосари Эркин Қодиров, Марказий Осиё талабалар спорти федерацияси президенти Қайрат Қайрaтуллинович, Мўғулистон талабалар спорти федерацияси Бош котиби Жаргалсайхан Доржсурен, Тожикистон талабалар спорти федерацияси раиси Шоди Сафаров ҳамда Марказий Осиё давлатлари талабалар спорти ташкилотлари вакиллари бор.
Ташриф дастури доирасида меҳмонлар «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети фаолияти билан танишди.

Шунингдек, делегация аъзолари Самарқанд шаҳридаги Регистон, Гўри Амир, Бибихоним ва Шоҳи Зинда каби тарихий обидаларни зиёрат қилди. Дастурдан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва ёдгорлик мажмуасига ташриф ҳам ўрин олган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА