Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда агентлик ахборот хизмати раҳбари Сабина Садинова томонидан соҳага тегишли маълумотлар тақдим этилди.
Хусусан, агентлик томонидан 2023 йилнинг 1-ярим йиллигида экин майдонлари, мевали боғ-токзорлар ва иссиқхонларда – жами 3 миллион 600 минг гектардан ортиқ майдонда фитосанитар дала назорати амалга оширилди.
Қайд этилишича, 2023 йил ҳосил учун 10 миллиардга яқин энтомофаглар кўпайтирилди. Бундан ташқари, 485 та биолабораторияда фойдали нематодаларни кўпайтириш йўлга қўйилди. Минерал ўғитлар сифатини лаборатория таҳлилларидан ўтказиш тизими жорий этилиб, 9 та ҳолатда стандарт талабларига жавоб бермайдиган минерал ўғитларни қўллашнинг олди олинди. Помидор ва қалампир маҳсулотлари орасида учрайдиган бужмайиш вируси касаллигининг республика ҳудудларида тарқалишига қарши чоралар кўрилиб, экспортга кўйилган чекловлар бартараф қилинишига эришилди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, фитосанитар талабларга жавоб бермагани сабабли 14 та давлатга 143 та эътирознома (нотификация) юборилди. 9 минг дона зарарланган импорт маҳсулотлар экспортёр давлатларга қайтарилди. Салкам 1 тонна ва 249 минг 931 дона маҳсулот йўқ қилинди. 2023 йилда эса 493 минг гектар майдонда кимёвий ишлов ишлари ўтказилди.
Биомаҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватлари 2,5 баробарга, ишлов қамрови 46 фоизга ортди. Тут парвонаси зараркунандасига қарши кураш тадбирларини ўтказиш учун 2023 йилда республика бюджетидан 11 миллиард сўм маблағ ажратилди. Мева-сабзавот экспорти географиясини кенгайтириш мақсадида 24 та давлатдан 598 та фитосанитар рухсатлар олинди, шунингдек, 56 та давлатга барча турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини фитосанитария сертификати асосида юклаш имконияти яратилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА