Фирибгарликка чек қўйилди
Бировнинг орзусидан фойдаланиб бойиш — нафақат қонунбузарлик, балки инсон ишончига хиёнатдир. Айниқса, таълим ва тиббиёт каби инсон тақдири билан бевосита боғлиқ соҳаларда бундай ҳолатлар жамият учун янада хавфлидир. Бухоро вилоятида ўтказилган тезкор тадбир давомида ана шундай шубҳали ваъда билан фуқаронинг ишончига кирган шахс ушланди.
Бугун ёшлар учун сифатли таълим олиш, замонавий касб эгаллаш ва муносиб мутахассис бўлиб етишиш учун юртимизда кенг имкониятлар яратилмоқда. Олий таълимга кириш истагида бўлган ҳар бир абитуриент учун қонуний ва шаффоф тартиблар мавжуд.
Бироқ айрим кимсалар ана шу эзгу ниятлардан ўз манфаати йўлида фойдаланишга уринмоқда. Улар “таниш-билиш”, “юқори лавозимда ишлайдиган одамлар”, “пул эвазига ҳал қилиб бериш” каби ваъдалар билан фуқароларни чалғитиб, ишончини суиистеъмол қилишга ҳаракат қилмоқда.
Бухоро вилоятида аниқланган навбатдаги ҳолат ҳам бундай “осон йўл”нинг ортида қандай оқибатлар яширинганини яна бир бор кўрсатди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қоракўл тумани бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Х.Т. фуқаро Д.О.нинг ишончига киргани аниқланган.
Тезкор тадбир материалларига кўра, Х.Т. Д.О.га Қозоғистон Республикасидаги олий таълим муассасаларидан бирида 1–3-курсларда таҳсил олганлиги ҳақида қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб беришини, шу ҳужжатлар ҳамда юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали уни Бухоро инновацион таълим ва тиббиёт университетининг тиббиёт йўналишига 4-курсдан ўқишга киритиб қўйишини ваъда қилган. Бунинг эвазига эса 26 миллион сўм талаб қилинган.
Гапнинг ташқи кўриниши оддийдек: гўёки ҳужжатлар тайёрланади, “танишлар” ишга солинади ва ўқишга кириш муаммоси ҳал этилади.
Аммо қонун йўлидан эмас, пул ва сохта ҳужжатлар орқали натижага эришишга уринишнинг ўзиёқ жиноий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Тезкор тадбир вақтида фуқаро Х.Т. 26 миллион сўмни олаётганида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда муҳим бир ҳақиқатни яна бир бор таъкидлаш лозим: ҳар қандай лавозим, ҳар қандай таниш-билиш ёки ҳар қандай маблағ қонун талабларини четлаб ўтиш имконини бермайди.
Қонунбузарликка қўл урган ҳар қандай шахс ўз қилмиши учун қонун олдида жавоб беради. Шу боис бугун ҳар бир фуқаро бир ҳақиқатни яхши англаши зарур: муваффақиятнинг энг қисқа йўли ҳалол йўлдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири