Финляндияда сунъий интеллект ёрдамида эскирган кийимларни йиғиш ва саралашнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш бўйича кенг кўламли лойиҳа ишга туширилди.
“AзерТAЖ” хабарига кўра, “Texmat” деб номланган янги машина кийим-кечакларни қайта ишлашни пластик буюмларни қайтариш каби оддий ва истеъмолчиларга қулайлик қилиш учун мўлжалланган. Қурилма тақдим этилган кийимларни сунъий интеллект, визуал таниб олиш ва яқин йилларда Европа Иттифоқида мажбурий бўладиган рақамли маҳсулот паспорти ёрдамида автоматик равишда таҳлил қилади.
Ушбу маълумотларга асосланиб, машина буюмни қайта ишлатиш ва қайта сотиш учун мослигини ёки қайта ишлашга жўнатиш кераклигини аниқлайди.
Қайта фойдаланиш учун мос бўлган буюмлар учун истеъмолчилар молиявий мукофот оладилар, унинг миқдори кийимнинг ҳолати, маркаси ва материалига боғлиқ бўлиши мумкин.
Лойиҳа бутун қитъада ўсиб бораётган тўқимачилик чиқиндилари муаммосини ҳал қилишга қаратилган жараённинг бир қисмидир. “Texmat” ЕИнинг еттита давлатидан 14 та ҳамкор иштирок этган ва “Горизонт Европа” дастури томонидан молиялаштирилган умумевропа ҳамкорлиги доирасида ишлаб чиқилмоқда. Биринчи машиналар Финляндия ва Испанияда синовдан ўтказилиши режалаштирилган.
Келажакда ишлаб чиқувчилар бундай қурилмаларни Европа бўйлаб савдо марказлари ва жамоат жойларида ўрнатиш, тўқимачилик маҳсулотларини қайта ишлаш ставкаларини ошириш ва масъулиятли истеъмолни кундалик ҳаётнинг бир қисмига айлантиришга умид қилмоқда.
Г.Сатторова, ЎзА