Финляндия ва Эстониянинг илғор таълим тажрибалари ўрганилмоқда
Шу кунларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги делегацияси аъзолари Финляндия ва Эстония Республикаларининг пойтахт шаҳарларида таълим, ёшлар сиёсати ҳамда ижтимоий ҳимоя йўналишларида йўлга қўйилган илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида мазкур давлатларга хизмат сафарини амалга оширмоқда.
Финляндиянинг Хельсинки шаҳридан бошланган сафарнинг биринчи кунида делегация Мери болалар боғчаси ҳамда Ваттуниеми бошланғич мактаби фаолияти билан танишди.

Мулоқот давомида Хельсинки шаҳрида ижтимоий ривожланиш йўналишида сиёсий қарорлар қабул қилиш, молиявий устуворликларни белгилаш тизими, болалар боғчаси ва мактаб таълими модели юзасидан тақдимотлар ўтказилди.

Куннинг иккинчи ярмида Хельсинки шаҳрининг стратегик ривожланиш йўналишлари, хусусан, 2025 - 2029 йилларга мўлжалланган устувор вазифалар ҳақида тақдимотлар ташкил этилди.

Делегация аъзолари 22 майга қадар Финляндия ва Эстонияда таълим, ёшлар сиёсати ҳамда ижтимоий ҳимоя йўналишларидаги амалий тажрибаларни ўрганиб, Тошкент шаҳрида қўллаш мумкин бўлган самарали ёндашувлар бўйича мулоқотлар олиб боради.
Гулноза Бобоева,
ЎзА