Фильмнинг тасвирга олиш ишлари якунланди
Жиззах вилоят телерадиоканалида янги кинолойиҳа — таниқли ёзувчи Жавлон Жовлиевнинг “Аёл” ҳикояси асосида суратга олинаётган шу номдаги қисқа метражли фильмнинг тасвирга олиш ишлари якунланди.
Инсон тақдири, айниқса, аёл қалбида кечадиган оғриқ ва изтироблар ҳамиша катта адабиёт ва санъатнинг эътибор марказида бўлиб келган. Мазкур фильмда ҳам аёлнинг жамиятдаги ўрни, оиладаги мавқеи, яқинларининг эътиборсизлиги туфайли дуч келадиган руҳий синовлари ва шундай мураккаб вазиятларда намоён бўладиган сабр-матонати таъсирчан талқин этилган.

Сценарий муаллифи Саид Дониш, режиссёр Равшан Йўлдошев ҳамда картина директори Дилшод Жўраев ижодий ҳамкорлигида яратилган фильмда воқеалар орқали томошабин қалбига яқин, ҳаётнинг ўзида учрайдиган ҳолатлар қаламга олинган. Асарнинг психологик теранлиги эса инсон муносабатлари, меҳр-эътибор ва оилавий қадриятлар ҳақида мушоҳада юритишга ундайди.
Кинолойиҳадаги бош ва асосий ролларни Жиззах вилояти мусиқали драма театрининг маҳоратли актёрлари ижро этишди. Уларнинг саҳнавий тажрибаси ва ижодий маҳорати қаҳрамонлар феъл-атворини экран тилида ишонарли ифодалашга хизмат қилган.

Ижодий жамоа олдида турган навбатдаги вазифа — фильмни монтаж ва бошқа якуний жараёнлардан ўтказиб, томошабин ҳукмига ҳавола этиш. Чуқур мазмун ва таъсирчан сюжетга эга мазкур кинокартина премьерасини жорий йилнинг сентябрь–октябрь ойларида кенг жамоатчиликка тақдим этиш режалаштирилган.

Эҳтимол, экрандаги бир аёл тақдири орқали ҳар бир томошабин ўз ҳаёти, ўз яқинлари ва инсонга берилган эътиборнинг нечоғлиқ қиммат экани ҳақида ўйлаб қолар. Зеро, баъзан санъатнинг энг катта вазифаси — тайёр жавоб бериш эмас, инсонни ўзига савол беришга чорлашдир.
Абдужалол Қаюмов,ЎзА мухбири