Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фидоий ёшларни жамлаган ҳарбий-ватанпарварлик ўқув йиғини (+видео)

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 15 ноябрдаги “Ўқувчи-ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги “Термиз” умумқўшин дала полигонида жойлашган ҳарбий қисмда “Фидойи ёшлар” ҳарбий-ватанпарварлик ўқув йиғини ташкил этилди.

Мазкур йиғинда Сурхондарё вилоятининг шаҳар ва туманларида жойлашган умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати аъзоларидан 75 нафари иштирок этди. Дастурга мувофиқ, ўқув йиғинининг илк кунида ёшлар ҳарбий қисм билан яқиндан танишиб, вилоятдаги куч тузилмаларнинг замонавий ҳарбий техника ва қурол-яроғларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши спорт техникалари  кўргазмасини кўздан кечирди. Шундан сўнг вилоят мусиқали драма театри санъаткорларининг ватанпарварлик руҳидаги саҳна чиқишлари намойиш этилди.  Муросасиз кечган ҳарбий эстафета, шахмат, шашка, стол тенниси мусобақаларида эса ёшлар кучли, чаққон ва зийраклигини намойиш этди.  

[gallery-21234]

Иккинчи кун дастури доирасида иштирокчилар вилоятнинг диққатга сазовор жойларига ташриф буюрди. Ат-Термизий зиёратгоҳи ва Термиз археология музейига уюштирилган саёҳат ёшларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, Миллий гвардиянинг Қорабайир отлари маҳорат мактабида ўтказилган машғулотлар қатнашчиларга махсус тайёргарлик сирларини янада кўпроқ ўрганиш имконини берди.  

Ўқув йиғининг учинчи кунида иштирокчилар Жарқўрғон туманидаги Оқтепа табиат боғига ташриф буюриб, ўрмон хўжалиги майдонида бўлди. Биолог ва ботаник мутахассислар томонидан ўтказилган дарслар назарий билимларни амалиётда мустаҳкамлаш имконини яратди.  

Шу куннинг энг ҳаяжонли қисми эса экстремал шароитларда яшашга оид машғулотлар бўлди. Ёшлар сув топиш, ўт ёқиш, ов қилиш ва овланган ҳайвонларни тайёрлаш бўйича махсус кўникмаларга эга бўлди.  

Ўқув йиғини Термиз шаҳридаги ёшлар марказида тантанали маросим билан якунланди. Тадбирда мамлакатимизда ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат ва юртга садоқат руҳида тарбиялашга катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Йиғин давомида ўз фаолияти билан ажралиб турган ёшлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.    

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/BYUxBKNG_3A?si=MPgcz-XjW2ikpstl" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат,видео),ЎзА