FIDE рейтингида Синдоров ўз ўрнини мустаҳкамлади
Халқаро шахмат федерацияси 2026 йил август ойи учун эълон қилган янгиланган рейтингда Ўзбекистоннинг 10 дан зиёд шахматчилари турли ёш тоифаларида қайд этилди.
Хусусан, дунёнинг энг кучли ТОП-100лик рўйхатида маҳоратли шахматчимиз Жавоҳир Синдоров (2777) 4-ўринни эгаллаб турибди. Нодирбек Абдусатторов ўтган ойга нисбатан 4 рейтинг очкосини йўқотган ҳолда 8-ўринни банд этган.
Шунингдек, энг маҳоратлилар қаторида Нодирбек Ёқуббоев(39), Рустам Қосимжонов(52), Шамсиддин Воҳидов(61) номлари келтириб ўтилган.
Аёллар ТОП-100лик рўйхатда терма жамоамиз аъзолари Афрўза Ҳамдамова(26) ва Гулруҳбегим Тоҳиржонова(82) ўрин эгаллаган.
Бундан ташқари, ёш шахматчиларимиз Муҳиддин Мадаминов, Муҳаммадзоҳид Суяров, Ҳумоюн Бекмуратов, Умида Омонова, Нилуфархон Имомқўзиевалар ҳам ёшлар рейтингида жаҳоннинг иқтидорлилари сифатида эътироф этилди.
Т.Рўзиев, ЎзА