ФИБ Яккасарой туманлараро суди раиси “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланди
Президентнинг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6127 сонли фармони билан судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантиришни йўлга қўйиш мақсадида “Ибратли судья” мукофоти, суд тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, нафақага чиққан судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони жорий этилди...
Мазкур Фармон ижросидан келиб чиқиб, Судьялар олий кенгаши томонидан “Судьялар фаолиятини баҳолаш бўйича электрон рейтинг тизими” яратилди. Судьялар олий кенгашининг 2021 йил 12 июлдаги Низомида рейтинг мезонлари орқали энг яхши деб топилган судьялар йил якунида “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланиши кўрсатилган. Таъкидлаш жоиз, рейтинг профессионализм, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, мурожаатлар билан ишлаш, билим даражаси, қабул қилинган суд қарорларининг сифати каби қатор мезонлар асосидаги тўплаган баллари ҳисобидан шакллантирилади. Мукофотга номзодларни саралаш сарҳисоби натижаларидан келиб чиқиб, суд тизимида фаолият юритаётган 16 нафар судьялар “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар қилди.

Шу муносабат билан тақдирлаш маросими Судьялар олий кенгаши томонидан онлайн шаклда ўтказилди. Тақдирланган судьялар орасида Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси Ғайрат Эргашевнинг борлиги Тошкент шаҳар судига ғурур бағишлади. “Ибратли судья” мукофоти ва унинг сертификатини Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов тантанали равишда топширди.
Тадбир якунида Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров ва Ўзбекистон Республикаси Судьялар ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев тақдирланганларни самимий қутлаб, тизимда фаолият олиб бораётган барча судьяларга мана шундай шарафли мақом насиб этишини тилашди.
