Адлия вазирлиги тизимида архив ҳужжатларини рақамлаштириш орқали давлат хизматлари янада қулай ва оворагарчиликларсиз кўрсатилмоқда.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органларида сақланаётган 60 миллиондан ортиқ қоғоз шаклидаги далолатнома ёзувлари рақамлаштирилди ва ахборот тизимларига киритилди.
8 миллиондан ортиқ оила таркиби шакллантирилди. Уларни фуқароларга тегишли бўлган Жисмоний шахсларнинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)га тўлиқ бириктириш чоралари кўрилмоқда.
Натижада ўртача хизмат кўрсатиш вақтини 12 дақиқадан 5-7 дақиқагача қисқартиришга эришилди.
Фуқаролар томонидан айрим ваколатли ташкилотларга тақдим этиладиган ҳужжатларнинг ахборот тизими орқали олиниши йўлга қўйилди. Бунинг натижасида эса 2023 йилда 20 тоннадан ортиқ қоғоз ҳамда 21 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тежалди.
Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали туғилганлик ҳақида бирламчи ва такрорий гувоҳномалар олиш учун онлайн ариза юбориш ва натижаси юзасидан гувоҳномаларни почта орқали яшаш манзилига етказиб бериш хизматлари жорий қилинди.
Мазкур хизматлар фуқароларга кўплаб қулайлик ва имкониятлар яратганини инобатга олган ҳолда бошқа турдаги гувоҳномаларни олиш учун ҳам ЯИДХП орқали онлайн аризалар бериш имкониятларини яратиш режалаштирилган.
Шунингдек, ФҲДЁ органлари томонидан 5 та хизматни тезлаштирилган тартибда кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилди. Жорий йилда 15 мингдан ортиқ хизмат белгиланган муддатлардан олдин кўрсатилиши таъминланди.
Архив ҳужжатлари билан ишлаш тизимини жойларда ҳам такомиллаштириш, аҳолига бу борада хизмат кўрсатишни яхшилашга эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда адлия вазири ўринбосари Xудоёр Мелиев жойларда бўлиб, хизмат кўрсатиш сифатини ўрганмоқда.
Вазир ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ Навоий вилоятида ФҲДЁ бўлимлари ва идоравий ФҲДЁ архивида бўлиб, иш жараёнини кўздан кечирди.
Ходимларга яратилган шарт-шароитлар ўрганилиб, уларнинг соҳани янада ривожлантириш бўйича фикр-мулоҳазалари, таклифлари тингланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА