Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрами олдидан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида “Умуммиллий бирдамлик” фестивали доирасида Андижон вилоятида қатор лойиҳа ва тадбирлар ўтказилмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан ўтказилаётган фестиваль доирасида зиёлилар, таниқли олимлар, адабиёт ва санъат намоёндаларидан иборат тарғиботчилар, нуронийлар иштирокида маҳаллалар, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида “Фаровон ҳаётга илк қадам”, “Дилдаги гаплар”, “Маслаҳат оши”, “Бахтли болалик”, Инсон қадри”, “Шижоат” лойиҳалари шунингдек, “Китоб марафони” акцияси сингари маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиши белгиланган.
–Фестивални ўтказишдан кўзланган асосий мақсад янгиланаётган Ўзбекистонимиз эришаётган ютуқларни кенг тарғиб этиш, халқимизга байрам кайфиятини улашиш, – дейди Маънавият ва маърифат маркази Андижон вилоят бўлими раҳбари Нигорахон Қашқабоева. – Қолаверса, аҳоли, айниқса, ёшларимиз қалбида она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига, миллий қадриятларимизга ҳурмат ва садоқат, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизга шукроналик туйғуларини янада мустаҳкамлашдан иборат.
Андижонда “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида юқори кўтаринкилик билан бошланган “Умуммиллий бирдамлик” фастивалига пойтахтимиздан ташриф буюрган “Маънавият карвони” тарғибот гуруҳи аъзолари Асака туманининг Фарғона вилояти Қува тумани билан чегарадош Янгобод маҳалласида тантанали равишда кутиб олинди.
Шундан сўнг тарғибот гуруҳлари иштирокида вилоятимизнинг туман, шаҳарларида қатор тадбирлар ўтказилди.
Хусусан, меҳмонлар Шаҳрихон туманидаги Ҳунармандлар марказида ташкил этилган ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди. “Фаровон ҳаётга илк қадам” лойиҳаси доирасида ижодкорларнинг аҳоли вакиллари билан учрашуви шаҳрихонликларда унутилмас таассуротлар қолдирди.
[gallery-24677]
Тадбирда сўз олганлар юксалиб бораётган Ватанимиз ободлиги, бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида гапирди. Хусусан, кейинги йилларда мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар, янгиланишлар юз бераётганлиги, халқимиз турмуш фаровонлиги юксалиб, барпо бўлаётган Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганлиги, аҳоли турмуш фаровонлиги юксалаётганлиги таъкидланди.
–Шаҳрихонни уста ҳунарманд ва тадбиркорлар юрти десак асло муболаға бўлмайди, – дейди тарғибот гуруҳи аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турғун Бекназаров. – Бугун бутун Ўзбекистонимизда бўлгани каби Шаҳрихонда ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганлигининг гувоҳи бўлдик. Тумандаги ўзгаришлар, бунёдкорлик ишларидан кишининг баҳри дили очилади. Кўчалар кенг, равон, хонадонлар файзли.
Одамларнинг тафаккуридаги ўзгаришларни айтмайсизми? Уларнинг кайфияти юқори, кўзларида нур, эртанги кунга ишонч бор.
Фестиваль доирасида Балиқчи тумани Маданият марказида ташкил этилган “Бахтли болалик шарафига” лойиҳаси иштирокчилари Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова, Тошкент давлат юридик институти профессори, юридик фанлари доктори Феруза Муҳитдинова ҳамда шоир, ёзувчилар билан мулоқотдан улкан маънавий озуқа олди.
Туман “Баркамол авлод” мактаби тўгараклари ўқувчилари томонидан тайёрланган маҳсулотлар, ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари, жажжи болажонларнинг чиқишлари, ўқувчи ёшлар томонидан намойиш этилган бадиий дастур барчага байрамона кайфият улашди.
–Энг аввало, юртимиздаги тинчлик, хотиржамликка шукроналар келтиришимиз керак, – дейди Балиқчи тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Назокат Ҳакимова. – Очиғи, бугун интернетни, телевидениени кузатиб, дунёнинг турли жойларида бўлаётган уруш, қирғинборотлар, юз бераётган табиий офатлардан азият чекаётган одамлар, аёллар, айниқса, болаларни кўриб, қалбимизни ваҳима босади. Шукрки, Аллоҳ азиз қилган юртимизда тинчлик-хотиржамлик ҳукмрон, тўкинлик, файзу барака бисёр. Оиламиз тинч, фарзандларимиз бағримизда.
Юртимизда болаларнинг бахтли яшаши учун зарур шароитлар, ёшларнинг ўз имкониятларини юзага чиқаришлари учун эса кенг имкониятлар яратилган.
Фестиваль меҳмонлари тумандаги “Sevimli kids” кундузги парвариш гуруҳлари тарбияланувчилари билан учрашиб, болажонларга совға-саломлар улашди.
Шунингдек, фестивалнинг биринчи кунида Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида “Инсон қадри”, Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда “Шижоат”, Пахтаобод туманидаги 1-сон касб-ҳунар мактабида “Маслаҳат оши” лойиҳалари ўтказилди.
“Умуммиллий бирдамлик” фестивали доирасида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, учрашув, мулоқот ва суҳбатлар, тинчлик, Ватан, дўстлик мадҳини тараннум этувчи шеърлар, куй ва қўшиқлар, “Маърифат” тарғиботчилар жамиятининг ёш аъзолари томонидан саҳналаштирилган “Қасамёд” спектаклининг намойиши андижонликларга хуш кайфият улашмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари