Бугун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ташаббуси билан кенгаш биносида 2022 йил учун “Пахта хом ашёси етиштириш хамда харид қилиш бўйича фьючерс шартнома” лойиҳаси фермерлар ва масъул идоралар вакиллари иштирокида ZOOM орқали кенг муҳокама қилинди.
Муҳокамада Адлия вазирлиги масъуллари Даврон Алланазаров, Фаррух Жўраев , Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан Илхом Жўраев, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бош ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров, Санжар Исаев, Янгибозор туман кенгаши ҳуқуқшуноси Мансурбек Рахимов, “Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари” уюшмаси вакили Олим Абдуалимов, фермерларимиздан Хоразм вилояти Шовот туманидаги “Ишчанов Одилбек” фермер хўжалиги раҳбари Немат Ишчанов, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидан “Амир Вали Файз” фермер хўжалиги раҳбари Камоладдин Икромовлар фаол иштирок этишди.
Шартнома лойиҳаси 4 соат давомида унинг ҳар бир банди бўйича бирма бир муҳокама қилинди.
Муҳокамада бир томондан кластерлар манфаатида Кластерлар уюшмаси вакиллари иккинчи томондан фермерлар манфаатида Фермерлар кенгаши вакиллари тортишувлари, бахс-мунозалари, шартнома лойиҳасининг қонунчилик нуқтаи назаридан Адлия вазирлиги вакилларининг таклифлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакилларининг, пахта хом ашёсини етиштирувчи фермерларнинг таклифлари ва эътирозлари, савол-жавоб, тушунтиришлар тарзида жуда қизғин ўтказилди.
Ҳамма иштирокчиларнинг таклифи, эътирозлари эшитилиб, “Пахта хом ашёси етиштириш хамда харид қилиш бўйича фьючерс шартнома” лойиҳаси янада такомиллаштирилди.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Матбуот хизмати Д.Рахманов