Фарғона вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши аъзолик шартномаларини расмийлаштирган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг қонун билан ҳимояланган маанфатларини бузилишга олиб келган ҳолатларни аниқланиб, уларнинг ҳимояси учун барча чораларни кўрмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида вилоят бўйича ҳуқуқлари бузилган фермер хўжаликларини ҳимоя қилиш мақсадида тегишли судларга 142 та ариза киритилган. Иқтисодий судларга киритилган 133 та даъво аризаси туфайли 12,496 миллиард сўм пул маблағлари фермер хўжаликларига ундириб берилди. Иқтисодий судларда кўрилган даъво аризалар шуни кўрсатмоқдаки, фермерларга ўз вақтида контрактация шартномаларида кўрсатилган шартномавий мажбуриятларни бажармаган тадбиркорлар сони кўпчиликни ташкил қилар экан. Мисол учун, Фарғона вилоятининг Боғдод ва Учкўприк туманларида 2020 йилда етиштирилган пахта хомашёси учун кластер ташкилотлардан 11,920 миллиард сўм ундириш юзасидан 101 та даъво ариза киритилиб, фермер хўжалигига пул маблағлари ундириб берилди.
Фарғона шаҳрида фаолият юритаётган “Иқбол” фермер хўжалиги фойдасига дон маҳсулотлари корхонасидан шартномада белгиланган муддатда тўлиқ ҳисоб-китоб қилинмаганлиги учун 8 миллион сўм жарима ҳам ундириб берилди.
Вилоятдаги фермер хўжаликларининг ерга оид ҳуқуқлари бузилиши бўйича 5 та ҳолатда туман ҳокимларининг фермер хўжаликлари тасарруфидаги ер майдонларини олиб қўйиш юзасидан чиқарган қарорлари ҳақиқий эмас, деб топилди. Бу жараёнда ер майдонлари ҳақиқий эгаларига қайтарилди. Мисол учун, Фарғона туманидаги “Аввал Қодиржон Мамарўзи” фермер хўжалигининг ер майдони Фарғона туманлараро маъмурий судининг қарорига асосан туман ҳокимининг қарори ҳақиқий эмас, деб топилиб, ер майдони ўз эгасига қайтарилди.
Фермер хўжаликларига ерга оид ва кўп тармоқли реестрини шакллантириш юзасидан ҳуқуқий саводхонлик учрашувлари, ОАВда чиқишлар берилмоқда. Бу ишларни жадаллаштириш мақсадида вилоят фермерлар кенгаши орқали телеграм канали очилиб, фермер хўжаликларнинг муаммолари зудлик билан аниқланиши ва ўз вақтида ёрдам бериш ишлари йўлга қўйилди. Туман ва вилоят миқёсидаги газеталарда фермерларнинг тикланган хуқуқлари юзасидан мақолалар чиқмоқда. Мақсад эса ягона - ҳар бир инсоннинг ҳақ-ҳуқуқларини ва адолатни таъминлаш.
Сайёра Шоева