AҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан молиялаштириладиган ва Халқаро таълим бўйича Америка Кенгашлари томонидан амалга ошириладиган «Faculty Enrichment Program» (FEP) дастури Ўзбекистондаги университет ўқитувчиларига тўрт ой давомида АҚШ университетларида ўзларининг педагогик маҳоратларини ва касбий йўналишларига оид тажрибаларини ошириш имкониятини беради.
Дастур давомида иштирокчилар дарс жараёнларини кузатади, илмий конференцияларда иштирок этaди ва ўзлари бириктирилган АҚШ университетларининг факультет аъзолари билан ҳамкорлик қилишади.

FEP дастурининг икинчи гуруҳ учун танлов натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг турли олийгоҳларидан 30 нафар профессор-ўқитувчилар саралаб олинган эди. Ушбу дастур бўйича Алишер Навоий университетининг 3 нафар профессор-ўқитувчилари: профессор Зулхумор Мирзаева, ўқитувчи Зауре Кертаева ҳамда Гулнора Ниязовалар 2021 йил август – 2021 йил декабрь ойларида FEP дастури асосида Американинг нуфузли университетларида бўлиб қайтишди. Иштирокчилар Американинг турли университетларида тажриба тўпладилар, дарслар ўтди, конференцияларда иштирок этдилар. Чет эл дунёсини, маданиятини ва таълимини ўрганибгина қолмай, Ўзбекистон маданияти, адабиёти ҳамда қадриятларини ҳам тарғиб қилдилар.

Арканзас ва бошқа университетларда бўлган университет профессори Зулхумор Мирзаева:
– Американинг нуфузли Арканзас университетида “Бадиий асар мутолааси/Қиёсий адабиётшунослик” курсларидан маъруза дарс ўтдим. Университет профессори Жосеп Кандидодан миннатдорман. Биз инглиз шеъриятининг айрим намуналари билан Фахриёрнинг “Кечинма” шеърини таҳлил қилдик. Профессор ўзбек адабиётига қизиқиб, Фахриёрнинг “Кечинма- Experiyence” шеъри ҳақида “Ўзбек адабиётининг ҳаммаси шундай зўрми?” деб сўради. “Ҳа” дедим, унда “уч-тўртта мана шундай зўр асарларни юбор, дастурга киритамиз” деди. Бундай эътирофдан бошим осмонга етди...

– FEP дастури бўйича АҚШнинг Алабама штати Шимолий Алабама университетида бўлдим, – дейди Таржима назарияси ва амалиёти факультети Инглиз тили кафедраси катта ўқитувчиси Гулнора Ниязова. – Жуда кўп тажриба орттирдим. Бошқа давлат, бошқа халқ маданиятини, таълим тизимини ўрганиш нақадар қизиқ. Шу ўринда айтиб ўтиш керак, Америка университетларида бўлиб ўтган («Халқаро таълим ҳафталиги» тадбири бўйича UNA (Шимолий Алабама университети)да “Ўзбекистон таълими ва маданияти” мавзусида профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар учун маъруза ўқидим. Уларни Ўзбекистон давлати ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан таништирдим, ўзбек маданияти ва урф-одатларимиз ҳақида лавҳалар кўрсатдим. Маъруза охирида уларни ўзбекона одатларга кўра, таомлар шоҳи – палов ва ўзбекча сомсалардан тановул қилишга чорладим.
Таржима назарияси ва амалиёти факультети Маданиятлараро мулоқот ва туризм кафедраси ўқитубчиси Зауре Кертаева АҚШдаги Пенсильвания давлат университетида бўлиб қайтди.

– Ўзим учун ҳам, университет учун ҳам катта тажрибага эга бўлиб қайтдим. АҚШ таълим тизими, хусусан, Пенсильвания университетидаги бутун тизим мен учун жуда қизиқ бўлди. Айниқса, талабаларнинг мустақил таълим олиши учун яратилган шарт-шароитлар ниҳоятда ажабланарли. Талабанинг асосий вақти ўз устида ишлашга, изланишга қаратилган. Бу тизимни бизнинг университетларда ҳам жорий қилса бўлади. Мен бу борадаги таклифларимни раҳбариятга ҳам тақдим этдим.
FEP дастури асосида янги билим ва кўникмаларга эга профессор-ўқитувчилар АҚШ университетлари билан ҳамкорлик алоқаларини ҳам ўрнатиб қайтганлар. Бу келажакда университетлар ўртасидаги ахборот алмашинуви, талабалар ва ўқитувчиларнинг ўзаро малака алмашинувини яхшилашга хизмат қилади.
Д. Маматова, ЎзА