Федерал юлдузларни ортда қолдирган альбомдан “Овоз”даги ғалабагача – Саида Мухаметзянова билан суҳбат
Саида Мухаметзянова – Татаристон Республикасида хизмат кўрсатган артист. Эътиборлиси, у ёш бўлишига қарамай, янги ижодий изланишлар қилишдан ва анъанавий қолиплардан чиқишдан қўрқмайди. ЎзАга берган интервьюсида у халқ қўшиқларидан иборат альбоми қандай қилиб федерал даражадаги юлдузларни ортда қолдириб, юқори даражага чиққани, Ўзбекистондаги “Овоз” мусиқий лойиҳасида иштирок этиши унинг тақдирида муҳим бурилиш нуқтаси бўлгани ҳамда ўзбек тилидаги қўшиғи қандай қилиб “Apple Music” платформасида оммалашгани ҳақида сўзлаб берди.
– Сиз бир неча бор асосий мақсадим – татар қўшиғи ва маданиятини дунё бўйлаб кенг тарғиб қилиш, деб айтгансиз. Айтингчи, ҳозир бу борада нималарга эришяпсиз?
– Аввало, мен мухлисларимга татар халқ қўшиқларидан иборат иккинчи альбомни якунлашга ваъда берганман. Шунинг учун бу йил ўз олдимга уни албатта тугаллаб, барча мусиқа платформаларига жойлаштиришни мақсад қилиб қўйдим.

Биринчи альбомимиз тахминан уч йил аввал чиқди. Уни машҳур қўшиқларимдан бири шарафига “Дарё бўйлаб” деб атаганмиз. Альбомга ўнта татар халқ қўшиғи киритилган.
Ҳайратланарлиси шундаки, альбом чиққандан бир неча кун ўтиб, Россиянинг энг машҳур мусиқа чартларига кирди. У ерда бир ҳафта давомида федерал даражадаги машҳур ижрочиларни ортда қолдириб, ҳатто бешинчи ўрингача кўтарилди ва маълум вақт шу ўрнини сақлаб турди. Бу ҳолат халқ ижодига бўлган қизиқиш ҳамон юқори эканини исботлайди. Мен бундан жуда хурсандман.
Таъкидлашим керакки, биз ўз илдизларимизни унутмаслигимиз керак. Ана шу илдизлар билан боғлиқликни айнан халқ ижоди сақлаб туради. Бу оддий, учта нотага қурилган қўшиқлар эмас, балки чуқур маънони ўзида мужассам этган асарлардир. Айримлар замонавий тингловчига фақат содда мусиқа керак, деб ҳисоблайди. Мен эса бу фикрга қўшилмайман.
Ҳозир минтақадаги кўплаб санъаткорлар беш қўшиқлик мини-альбомлар чиқаряпти, аммо биз анъанавий форматга содиқ қолишни маъқул кўрдик. Янги альбомдан кенг жамоатчиликка деярли маълум бўлмаган, топиш жуда қийин бўлган ноёб татар халқ қўшиқлари ўрин олади. Асосий мақсадим – ана шу бебаҳо мусиқий меросни глобал даражада оммалаштириш.

– Бугунги тезкор даврда она тилини асраб қолиш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб турибди. Айримлар замонавийликка интилиш баҳонасида нутқида хорижий тиллардан фойдаланишни одат қилиб олган. Афсуски, бундай ҳолат айрим татар санъаткорлари орасида ҳам учрайди. Сизнингча, глобаллашув шароитида ҳар бир халқ ўз миллий тилини қандай сақлаб қолиши мумкин?
– Биласизми, мен чет эл сафарларида тез-тез бўлиб тураман. Ўтган йили юртингиздаги “Овоз” мусиқий лойиҳасида қатнашдим. Шунингдек, Қирғизистон ва Қозоғистонда ҳам бўлдим.
Шу нарсага эътибор қаратдимки, Марказий Осиёдаги мамлакатлар ўз она тилини ривожлантириш ва тарғиб қилиш борасида ҳақиқатан ҳам таҳсинга лойиқ ишларни амалга оширяпти. Ўз-ўзидан савол туғилади: нега улар бунинг уддасидан чиқяпти-ю, биз эса чиқа олмаяпмиз?
Бу давлатларда кўчага чиққанингизда барча баннерлар, рекламалар, дўкон ёзувлари ва йўл кўрсаткичлари давлат тилида ёзилганини кўрасиз. Телевидение ҳам асосан миллий тилда эфирга чиқади. Улар ўз маданиятини фаол тарғиб қилади, халқ эса ўз миллати учун чин дилдан қайғуради. Ижтимоий тармоқларда ҳам миллий тилда трендлар яратилади, кийиниш маданиятида миллий услублар кенг қўлланилади.
Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистонда ҳам турли жанрларда – ҳатто триллерларгача миллий тилда фильмлар суратга олинади. Энг қизиғи, Қирғизистонда томошабинлар маҳаллий фильмларни хориж фильмларига қараганда кўпроқ кўришади. Демак, миллий маҳсулотни энг аввало халқнинг ўзи қўллаб-қувватлаяпти.

Мен Татаристонда ҳам одамлар она тилидаги лойиҳаларни шундай фаол қўллаб-қувватлашини жуда истардим.
– Ўзбекистондаги “Овоз” мусиқий лойиҳасида иштирок этганингизни айтдингиз. Бу тажриба сизга нима берди? Хорижий лойиҳада қатнашиш жараёнида қандай қийинчиликларга дуч келдингиз?
– Бу танлов ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали билганман. Онам рекламага кўзи тушиб, ариза юборишимни маслаҳат берганди. Мен ҳам “Нега қатнашиб кўрмаслик керак?” деб қарор қилдим.
Эътиборлиси, ташкилотчилар мен билан боғланиб, татар тилида ҳам бирор қўшиқ ижро қилишимни сўрашди. Бу менинг хоҳишим билан ҳам мос тушди.
Биринчи қийинчиликлар шу пайтдан бошланди. Мен шоунинг энг охирги кунида саҳнага чиқишим керак эди. Бу вақтга келиб мураббийлар жамоалари деярли шаклланиб бўлганди. Мен Ўзбекистонга тонгги соат 4 да етиб келдим. Бор-йўғи 3 соат ухлашга улгурдим, чунки соат 11 да суратга олиш майдонида бўлишим керак эди.
Танловга ёлғиз келдим. Яқинларимдан ҳеч ким ёнимда эмасди. Лойиҳада стилистлар ишлади. Улар мени суратга олишга тайёрлашди: грим қилишди, сочимни катта ўрим қилиб турмаклашди.

Саҳнага чиқиш учун энг оддий қизил кўйлагимни олиб келгандим. Аммо уни миллий безаклар – изу (кўкрак тақинчоғи) ва қалпоқ билан безатдим. Ўзбек томошабинлари учун “Гулжамал” қўшиғини танладим. Бу энг мураккаб, овоз диапазони кенг ва кучли асарлардан бири. Ҳар ким ҳам бу қўшиқни ижро эта олмайди. Шунинг учун танловга борсам, албатта уни куйлайман, деб ўзимга ваъда бергандим.
Ишонасизми, мен умуман репетициясиз чиқиш қилдим. Фақат саҳнага чиқишдан олдин микрофонни созладим холос. Саҳнага чиқишимдан олдин ҳакамларда бўш жой бор-йўқлигини суриштирдим.
Менинг асосий мақсадим хонанда Севара Назархон жамоасига тушиш эди. Агар у ҳакамлар ҳайъатида бўлмаганида эҳтимол, Ўзбекистонга келмаган бўлармидим балки.
– Нега айнан Севара Назархон?
– Унинг ижодига мухлисман. Менга унинг санъатга бўлган ёндашуви ва ҳар бир қўшиқни мухлисга ҳис билан етказиши жуда ёқади. Қўшиқларининг деярли барчасида саунд-продюсер сифатида ҳам ўзи ишлайди. Энг муҳими, у импровизацияни жуда яхши қилади. Бу эса менинг нисбатан кучсиз томоним. Мен ҳам импровизация қила оламан, аммо Севара опадек юқори даражада эмас.

Ўшанда менга Фаррух Зокировда учта, Севара Назархонда иккита бўш ўрин қолгани, Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков жамоаси эса аллақачон тўлганини айтишди. Шунинг учун имкониятларим кам деб ўйлаб, хафа бўлдим.
Охирги иштирокчилар қаторида саҳнага чиқдим. Бу вақтга келиб Севара опанинг ҳам ўринлари тўлиб қолишидан қаттиқ хавотирда эдим. Аммо хавотирим беҳуда экан. Деярли дарҳол тўртта ҳакам ҳам менга юзланди. Биринчи бўлиб айнан Севара Назархон бурилди.
Қўшиқ айтар эканман, ич-ичимдан беқиёс қувончни ҳис қилдим. Шунда бир нарсани пайқаганман: агар инсон мақсадини аниқ белгиласа, у албатта рўёбга чиқар экан.
Кейинчалик ҳамма мендан “Нега Ўзбекистон маданият вазирини танламадингиз?”, деб сўради. Кўпчилик бу Татаристон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқалар учун яхши имконият, деб ҳисобларди. Аммо биринчидан, унинг жамоасида бўш жой қолмаган эди. Иккинчидан, мен Ўзбекистонга айнан Севара Назархон билан ишлаш мақсадида келгандим.
У билан ишлаш осон бўлмаганини ҳам айтишим керак. У жуда талабчан устоз. Ҳар бир учрашув ҳақиқий интеллектуал муҳокамага айланарди. У барча иштирокчиларни мустақил фикрлашга, янги ечимлар излашга, импровизация қилишга ва қўшиқни мутлақо янги қиррадан намоён этишга ундарди.

Мен унга қанча овозли хабарлар юборганимни тасаввур ҳам қила олмайсиз. У эса ҳар сафар “бу вариант мос келмайди”, “жуда оддий”, деб жавоб қайтарарди. Унинг энг севимли ибораси - “импровизация қил!” эди.
Ҳар бир иштирокчига у бир ярим соатгача вақт ажратарди. Бу мен учун жуда катта ижодий мактаб бўлди. Лойиҳада иштирок этишим кейинги фаолиятимда катта ёрдам берди.
– Нима деб ўйлайсиз, ўзбек ва татар халқлари санъатининг ўхшашлик жиҳати борми? Бизнинг ижрочилардан кимларни севиб тинглайсиз?
– Эътиборли жиҳати, бизнинг нафақат маданиятимиз, балки тилимиз ҳам бир-бирига жуда ўхшаш. Юз фоиз эмас, албатта. Қолаверса, сизларда ўз миллий мақом ашулаларингиз бор, бизда ҳам ўзимизнинг халқ қўшиқларимиз бор ва улар ижро жиҳатидан бир-бирига ўхшаш демаган бўлардим-у, лекин руҳи, мазмун-моҳияти ва халқнинг қалб кечинмаларини ифода этиши нуқтаи назаридан бир-бирига яқин. Шу боис икки халқнинг санъати ва маданияти ўртасидаги муштаракликни ҳис қилиш қийин эмас.
Биласизми, мен Ўзбекистонга келишимдан олдин мақом борлигини билмасдим. Лекин уни эшитганимда ҳатто “Овоз” лойиҳасида мақом ижро этмоқчи бўлдим. Аммо энди бу жанрга қизиқа бошлаганимда менга икки ёки учта дарснинг ўзи етарли эмаслигини тушуниб етдим.

Энг севимли қўшиғим Кумуш Раззоқова ижросидаги “Унутма мени” бўлса керак. Шунингдек, Равшан Намозовнинг “Хаёл” қўшиғи ҳам жуда ёқади. Озодбек Назарбеков ижроларини ҳам тинглаб тураман. Бир кун келиб унинг репертуаридан бирор қўшиқни ижро этишни истайман. Чунки унинг қўшиқларида миллий руҳ, самимият ва чуқур маъно мужассам.
Умуман, ўзбек мусиқаси мен учун жуда яқин. Ҳар сафар мамлакатингизга келганимда бу ердаги томошабинларнинг санъатга бўлган ҳурматини ҳис қиламан. Шу боис келажакда ўзбек санъаткорлари билан ҳамкорлик қилиш, дуэтлар куйлаш ва янги ижодий лойиҳаларни амалга ошириш ниятим бор.
Икки халқни мусиқа янада яқинлаштиришига ишонаман ва бу йўлда ўз ҳиссамни қўшишдан мамнун бўлардим. Ўйлайманки, бундай ҳамкорликлар нафақат санъаткорлар, балки халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини ҳам янада мустаҳкамлайди.
– Сиз нафақат хонанда, балки театр ва кино актрисаси, шунингдек, машҳур блогер ҳамсиз. Мухлислар сиз ҳақингизда яна нималарни билмайди?
– Мен Қозон шаҳар филармониясида яккахон хонанда сифатида фаолият юритаман. Бизда кўплаб ижодий лойиҳалар амалга оширилади, жумладан, спектакллар ҳам саҳналаштирилади. Масалан, “Кўк рўмол” спектаклида Майсара исмли қаҳрамон ролини ижро этаман.

Бундан ташқари, кўпчилик мени кино актрисаси сифатида ҳам танийди. Тақдир тақозоси билан ёзувчи ва хонанда Зулфат Ҳаким билан жуда яхши муносабатлар ўрнатганмиз. У киши менга нафақат ижод, балки ҳаёт бўйича ҳам қимматли маслаҳатлар беради.
Россия Маданият вазирлиги буюртмаси билан “Соқов какку” фильми суратга олиниши маълум бўлгач, Зулфат Ҳаким менга қўнғироқ қилиб, бош қаҳрамон Кашифа роли учун кастингда қатнашишимни сўради.
Уларга яхши актёрлик қилиш билан бирга яхши қўшиқ ҳам айта оладиган ижрочи керак эди. Кастингни Москвадан келган продюсер ўтказди. Фильмдаги воқеалар Иккинчи жаҳон уруши даврида кечади. Аввалига мен театр актрисасига хос услубда ўйнадим.
Шунда режиссёр “Энди театрдагидек эмас, ҳаётдагидек, ўзинг қандай бўлсанг, шундай ўйнаб бер”, деди.
Шундан кейин табиийроқ ижро қилдим ва ашула ҳам айтдим. Кейин яна бир нечта синовлар бўлди. Кашифанинг онаси ва бошқа қаҳрамонлар билан ҳам саҳналар текширилди. Охирида бу роль менга муносиб эканлигини айтишди. Шу тариқа кино оламига кириб келдим.
Ҳозирги пайтда ижтимоий тармоқларимни ҳам фаол ривожлантиришга ҳаракат қиляпман. Замонавий дунёда инсон ўзини интернетда ҳам тўғри танита билиши, ижодий режалари ва лойиҳалари ҳақида гапира олиши керак.

– Санъат этагини тутган ўзингиз каби ёшларга қандай маслаҳатлар берасиз, яъни, улар халқаро ареналарга чиқиши учун ишни нимадан бошлаши керак, деб ҳисоблайсиз?
– Энг асосийси, халқаро саҳналарга чиқиш учун жуда катта хоҳиш ва мақсад керак. Мен уларга айнан юксак мақсадлар қўйишни маслаҳат берган бўлардим. Яна айтишим керакки, сизларнинг мусиқий лойиҳангизда иштирок этганимда, асосий мақсадим ўз она тилимда куйлаш эди. Шу сабабли, агар Ўзбекистонда ёш ижрочилар халқаро саҳналарга чиқишни хоҳласалар, улар қайси давлатда иштирок этишларидан қатъи назар, доим ўз она тилларида куйлашни маслаҳат берардим. Бу анча ёрдам беради.
Чунки ҳар бир санъаткорнинг ўзига хослиги, аввало, унинг маданияти, тили ва миллий услубида намоён бўлади. Халқаро тингловчилар ҳам айнан шу ўзига хосликни қадрлайдилар. Шу билан бирга, доимий меҳнат қилиш, вокал ёки ижрочилик маҳоратини мунтазам ривожлантириш, замонавий тенденцияларни ўрганиш ва саҳна маданияти устида ишлаш ҳам жуда муҳим.
Хорижий тилларни билиш, турли халқаро танлов ва фестивалларда иштирок этиш ҳам катта тажриба беради. Энг муҳими эса, ўзингизга ишонинг ва орзу қилган мақсадингиздан ҳеч қачон воз кечманг.
Ўткир АЛИМОВ суҳбатлашди.
ЎзА