Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш борасидаги ҳамкорлик кучаймоқда
Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида Табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар бўйича давлатлараро кенгашнинг XXXVIII йиғилиши бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур кенгаш йиғилишларида анъанавий тарзда МДҲга аъзо давлатларнинг фавқулодда вазиятлар бўйича масъул идоралари раҳбарлари иштирок этади. Ушбу тадбир қутқарув хизматлари мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш, аҳоли ва ҳудудлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда соҳага оид янги ташаббусларни илгари суриш учун самарали мулоқот майдони вазифасини ўтайди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири Азизбек Икромов ҳам маъруза қилди. Вазир ўз нутқида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тизимига қаратилаётган алоҳида эътиборга тўхталиб ўтди.
Шунингдек, вазирликнинг моддий-техник базасини модернизация қилиш ва кадрлар салоҳиятини янги сифат босқичига олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Якунда МДҲ давлатлари ўртасида соҳага оид ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган қатор амалий таклифлар илгари сурилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, йиғилиш доирасида масъуллар махсус техникалар кўргазмаси билан ҳам яқиндан танишди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА