Шу кунларда юртимизда кенг сиёсий жараён рўй бермоқда – Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартиришлар кенг муҳокама қилинмоқда.
Конституциявий ислоҳотларда нафақат олимлар, ҳуқуқшунослар, мутахассислар, балки фуқароларнинг ўзи ҳам бевосита иштирок этмоқда.
Билдирилган таклифларнинг таҳлили халқимиз мамлакатда бўлаётган кенг кўламли ўзгаришларга бефарқ эмаслигини, фуқаролар ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлишга интилаётганлигини кўрсатмоқда.
Мактабгача таълим вазирлигида ҳам мазкур жараёнга бағишлаб, марказий аппарат ва ҳудудий бошқармалар ходимлари, соҳа вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодиров иштирок этди.

– Халқимиз томонидан берилган таклифлар шунингдек, давлатимиз раҳбарининг Комиссия аъзолари билан учрашувда «инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак», деган тамойил асосида берилган таклифлардан келиб чиқиб «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси тайёрланди, – деди Алишер Қодиров. – Конституциявий қонун лойиҳаси Конституциямизнинг 60 дан ортиқ моддаларига 200 дан ортиқ тузатишларни назарда тутмоқда.
Конституцияга ўзгартишлар «инсон-жамият-давлат» принципига асосланган бўлиб, миллий конституциявий ўзликни акс эттиради ва амалдаги Конституциямизнинг барча бўлимларига туб ўзгартишлар киритишни назарда тутади.
Қайд этилишича, конституциявий тузатишлар, авваламбор, жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб бўлган фуқароларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга, ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларга айланади.
– Конституциянинг 41-моддасига қўшимча сифатида мактабгача таълим ва тарбия давлат назоратида бўлиши белгилаб қўйилмоқда, – дейди вазирлик Мактабгача таълим соҳаси сиёсатини шакллантириш ва стратегик ривожлантириш Бош бошқармаси бош мутахассиси Нора Соатова. – Мазкур қўшимчанинг киритилиши биз соҳа ходимларининг зиммасига катта масъулият юклайди.

Бу ўзгариш ота-оналарни ҳам қувонтириши керак. Фарзандларимизнинг мактабгача бўлган даврдаги нафақат таълим олиши, балки тарбияси ҳам давлат назоратида бўлиши ёрқин келажак учун хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА