Фаррух Абдуқодиров: Ўзбекистонда ишлаб чиқариб, жаҳон бозорида рақобатлашяпмиз
Бугунги кунда саноатни ривожлантириш, замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш ва маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқаришни босқичма-босқич маҳаллийлаштириш ва экспорт географиясини кенгайтириш корхоналар олдида турган устувор вазифалардан ҳисобланади.
Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида бўлиб ўтаётган энергетика ва қурилиш соҳаларига бағишланган “UzStroyExpo-2026” 15-халқаро кўргазмаси ҳам ишлаб чиқарувчилар учун ўз маҳсулотларини намойиш этиш, янги ҳамкорлар топиш ва истиқболли бозорларни ўрганиш имкониятини яратмоқда.
Кўргазма иштирокчиларидан бири – “Promxim Impex” компанияси. Германия технологияси асосида эпоксид бўёқлар ишлаб чиқариш йўналишини ривожлантираётган корхона маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва ташқи бозорлардаги иштирокини кенгайтиришни мақсад қилган.
Фурсатдан фойдаланиб, корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳияти, экспорт тажрибаси ва истиқболдаги режалари ҳақида “Azdafloor” йўналиши бўйича сотув директори Фаррух Абдуқодиров билан суҳбатлашдик.
–Аввало, “Azdafloor” бренди ва корхона фаолияти ҳақида маълумот берсангиз. Қандай маҳсулотлар ишлаб чиқаряпсизлар ва ишлаб чиқариш жараёнида қайси технологиялардан фойдаланилади?
– “Azdafloor” компаниямизнинг янги маҳсулот йўналишларидан бири. Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган заводимизда Германия технологияси асосида эпоксид бўёқлар ишлаб чиқариш билан шуғулланамиз. Ҳозирда ушбу йўналишни ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва маҳсулотларимизни бозорга кенгроқ таклиф этиш устида ишлаяпмиз.
Компаниямизнинг фаолияти фақат шу йўналиш билан чекланмайди. Навоий вилоятида ҳам бошқа турдаги кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган заводимиз мавжуд. У ерда бурғилаш реагентлари ва бошқа кимёвий маҳсулотлар тайёрланади. Маҳсулотларимизни ички бозорга етказиб бериш билан бирга, хорижий бозорларда ҳам ўз ўрнимизни мустаҳкамлашга ҳаракат қиляпмиз.
– Бугун ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Корхонангизда маҳаллий хомашёдан фойдаланиш даражаси ва ишлаб чиқаришни тўлиқ маҳаллийлаштириш бўйича қандай режалар бор?
– Ҳозирги вақтда ишлаб чиқаришда ҳам маҳаллий, ҳам импорт хомашёсидан фойдаланамиз. Маҳаллий хомашёнинг улуши қарийб 70 фоизни ташкил этади. Айрим компонентларни эса хориждан олиб келишга тўғри келади.
Келгусида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, маҳсулотларни тўлиқ ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирганмиз. Бунинг учун зарур тайёргарлик ишларини амалга оширишимиз керак. Режаларимизга кўра, 2027 йил баҳорида тўлиқ маҳаллийлаштириш жараёнини бошлаш кўзда тутилган. Бу биз учун муҳим босқич бўлади.
Маҳаллий хомашёдан фойдаланишни кенгайтириш ишлаб чиқариш жараёнини ўзимизда ташкил этиш имкониятларини оширади. Шу билан бирга, маҳсулотларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ва корхонамиз фаолиятини янада ривожлантириш учун ҳам имконият яратади. Шу сабабли, маҳаллийлаштиришни келгуси режаларимизнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгилаганмиз.
– “Promkhim” компаниясининг экспорт салоҳияти ҳам эътиборга молик. Бугун маҳсулотларингиз нечта давлатга етказиб берилмоқда?
– Компаниямизнинг йиллик экспорт салоҳияти 20 миллион долларни ташкил этади. Маҳсулотларимизни 15 тадан ортиқ давлатга экспорт қиламиз. Ташқи бозорларда ишлаш, янги харидорлар топиш ва ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш фаолиятимизнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Масалан, Москвадаги кўргазмаларда Хитой ишлаб чиқарувчилари билан тўғридан-тўғри рақобатлашамиз. Бундай шароитда маҳсулот сифати билан бирга, нарх ва логистика харажатлари ҳам катта аҳамиятга эга. Айрим ҳолларда маҳсулотни етказиб бериш билан боғлиқ қийинчиликлар рақобат имкониятларимизга таъсир кўрсатади. Шунга қарамай, халқаро бозорларда ўз маҳсулотларимизни таклиф этиш ва янги ҳамкорлар билан ишлашни давом эттиряпмиз.
Экспорт бозорларида тажриба орттириш бизга турли мамлакатлардаги харидорлар билан ишлаш ва рақобат муҳитини яқиндан ўрганиш имконини бермоқда. Маҳсулотни ишлаб чиқариш билан бир қаторда, уни харидорга етказиб бериш жараёнини ҳам тўғри ташкил этиш зарур. Шунинг учун ташқи бозорлардаги фаолиятимизда ишлаб чиқариш имкониятлари ва етказиб бериш масалаларига бирдек эътибор қаратамиз.
– Экспорт географиясини янада кенгайтириш мақсадида қандай ташаббуслар устида ишлаяпсизлар? Араб давлатларида янги завод ташкил этиш режаси ҳақида ҳам тўхталсангиз.
– Араб давлатларида янги завод ташкил этиш режамиз бор ва ҳозирда ушбу лойиҳа устида иш олиб бориляпти. Бунинг учун ер майдони, коммунал хизматлар ва бошқа ташкилий масалаларни аниқлаштиришимиз керак. Ҳозирда шу йўналишда зарур маълумотларни тўплаш ва тайёргарлик ишларини олиб бориш билан бандмиз.
Асосий мақсадимиз эса экспорт ҳажмини ошириш ва маҳсулотларимизни янги бозорларга олиб чиқиш. Бундан ташқари, бурғилаш жараёнларида ишлатиладиган кимёвий реагентлар йўналишида ҳам ташқи бозорларга чиқиш ниятимиз бор. Ушбу маҳсулотлар нефть-газ саноатида қудуқларни бурғилаш жараёнларида қўлланилади. Шу сабабли бу йўналишда ҳам янги харидорлар топиш ва ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиришга ҳаракат қиляпмиз.
Янги ҳудудларда ишлаб чиқаришни ташкил этиш ташаббуси, аввало, ташқи бозорлардаги фаолиятимизни кенгайтириш мақсади билан боғлиқ. Ҳозирча лойиҳа бўйича ташкилий масалаларни ўрганиш давом этмоқда. Зарур шарт-шароитлар аниқлаштирилганидан сўнг уни амалга ошириш бўйича кейинги қадамлар белгиланади.
– Сўнгги ўн йил давомида халқаро кўргазмаларда мунтазам иштирок этиб келяпсизлар. “UzStroyExpo-2026” кўргазмасидан қандай натижалар кутяпсизлар ва корхонанинг келгуси режалари нималардан иборат?
– Биз халқаро кўргазмаларда сўнгги ўн йил давомида мунтазам қатнашиб келяпмиз. Икки йил олдин Дубайда ҳам иштирок этганмиз. Бундай тадбирлар маҳсулотларимизни намойиш этиш, янги ҳамкорлар билан танишиш ва ташқи бозорлардаги имкониятларни ўрганиш учун жуда муҳим.
Кўргазмаларнинг натижаси ҳар доим ҳам дарҳол кўринмайди. Баъзан бугунги учрашувлардан кейин бир ёки икки йил ўтиб ҳамкорлар қайта алоқага чиқади. Бундай ҳолатлар бизнинг тажрибамизда ҳам бўлган. Шунинг учун кўргазмаларда иштирок этишни янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва уларни узоқ муддат давомида ривожлантириш имконияти деб биламиз.
“UzStroyExpo-2026” каби тадбирларда иштирок этиш орқали ҳам маҳсулотларимизни кенгроқ танитиш ва янги алоқалар ўрнатишни кўзлаймиз. Бундай учрашувлар келгусидаги ҳамкорлик учун асос бўлиши мумкин. Асосий эътиборимиз ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, экспорт ҳажмини ошириш ва янги бозорларга чиқишга қаратилади. Шу билан бирга, халқаро кўргазмаларда мунтазам қатнашиб, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришни давом эттирамиз.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
суҳбатлашди.