Фармацевтика соҳасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда Bayer компанияси делегацияси иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Мазкур мулоқот мамлакат фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва инвестиция фаоллигини ошириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этди.
Учрашувнинг асосий эътибор марказида фармацевтика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, замонавий технологияларни жалб этиш, шунингдек, илғор хорижий тажрибани миллий амалиётга жорий қилиш масалалари турди. Шу нуқтаи назардан, Bayer компаниясининг глобал тажрибаси ва инновацион ечимлари Ўзбекистон фармацевтика тармоғи учун муҳим ресурс сифатида баҳоланди.
Музокаралар чоғида Агентлик директори томонидан сўнгги йилларда соҳада амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар юзасидан кенг қамровли маълумот тақдим этилди. Жумладан, фармацевтика кластерларини шакллантириш ва ривожлантириш, ишлаб чиқариш инфратузилмасини модернизация қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, экспорт географиясини кенгайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар алоҳида қайд этилди.
Шу билан бирга, кластер ёндашуви доирасида илмий-тадқиқот муассасалари, таълим ташкилотлари ва ишлаб чиқарувчи корхоналар ўртасидаги интеграцияни кучайтириш, инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш, юқори қўшилган қийматга эга фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Айниқса, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро стандартларга мос ҳуқуқий базани такомиллаштириш устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилди.
Таҳлилларга кўра, бундай ҳамкорлик Ўзбекистонда фармацевтика соҳасининг рақобатбардошлигини ошириш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш, шунингдек, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни йўлга қўйишга хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида, соҳанинг иқтисодиётдаги улушини ошириш ва янги иш ўринлари яратишга ижобий таъсир кўрсатади.
Учрашув якунида Bayer компанияси вакиллари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, яратилган қулай инвестиция муҳити ва кластер ёндашувига асосланган ривожланиш моделини юқори баҳолаб, келгусида амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканликларини билдирди.
Умуман олганда, мазкур мулоқот Ўзбекистон фармацевтика саноатини халқаро қиймат занжирларига интеграция қилиш, инновацион тараққиётни жадаллаштириш ва соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА