Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги: Халқаро стандартлар ва илғор тажриба алмашинуви
Бугунги кунда глобаллашув жараёнлари шиддат билан ривожланаётган бир даврда, аҳоли соғлиғини сақлаш ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш ҳар бир давлатнинг стратегик вазифаларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасида ҳам фармацевтика тармоғини ислоҳ қилиш, миллий регулятор тизимини халқаро андозалар даражасига кўтариш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишда дунёнинг етакчи ва илғор тажрибага эга хорижий агентликлари билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Санаб ўтилган мақсадлар йўлида навбатдаги муҳим қадам сифатида Ўзбекистон ва Бразилия регуляторлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари янги босқичга олиб чиқилмоқда.
Жумладан, ICH (Инсон учун мўлжалланган дори воситаларини рўйхатдан ўтказишга қўйиладиган техник талабларни уйғунлаштириш бўйича халқаро кенгаш)нинг Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги Ассамблеяси доирасида муҳим учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров Бразилиянинг Миллий санитария назорати агентлиги (ANVISA) вакиллари билан музокаралар ўтказди.
Маълумот учун таъкидлаш жоизки, Бразилия Миллий санитария назорати агентлиги (ANVISA) бугунги кунда дунёнинг энг нуфузли фармацевтика регуляторларидан бири ҳисобланади. Мазкур агентлик дори воситалари, тиббий буюмлар, вакциналар, косметика ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини назорат қилиш бўйича олий ваколатли органдир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан юқори салоҳиятга эга регулятор сифатида эътироф этилган ANVISA халқаро стандартларни миллий тизимга муваффақиятли жорий этиш, қатъий ва шаффоф инспекция фаолиятини юритиш, фармацевтик маҳсулотларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда дори воситаларининг сифати, самарадорлиги ва хавфсизлигини баҳолаш соҳасидаги илғор ва замонавий тажрибаси билан халқаро миқёсда юксак нуфузга эга.
Ўзаро самимий ва конструктив руҳда кечган мулоқот давомида икки мамлакатнинг фармацевтика соҳасидаги назорат қилувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, илғор тажрибаларни чуқур ўрганиш ва ўзаро ахборот алмашиш масалалари диққат марказида бўлди. Хусусан, учрашувда ANVISA экспертлари билан тўғридан-тўғри ва доимий ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйиш, ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакасини ошириш, қўшма тренинг ва семинарлар ташкил этиш ҳамда фармацевтика бозорини тартибга солиш амалиётлари бўйича доимий тажриба алмашинувини таъминлаш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, учрашув давомида фармацевтика маҳсулотлари муомаласини тартибга солиш, Ўзбекистон миллий регулятор тизимига илғор халқаро стандартларни фаол жорий этиш ҳамда регуляторлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўналишларидаги стратегик шериклик истиқболлари атрофлича кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва Бразилия фармацевтика регуляторлари ўртасидаги ушбу мулоқот маҳаллий фармацевтика тармоғини ривожлантиришда янги уфқларни очиб беради. ANVISA каби дунё тан олган агентлик билан йўлга қўйилаётган стратегик шериклик юртимизда дори воситалари хавфсизлиги назоратини халқаро стандартлар даражасига кўтаришга, соҳага илғор инновацияларни жорий этишга ва энг муҳими, аҳолимизни хавфсиз ҳамда юқори сифатли тиббий маҳсулотлар билан таъминлаш тизимини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА