Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Қайд этилишича, Президентимизнинг 2019 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фармацевтика тармоғида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, барча ишлаб чиқарилган дори воситаларига референт нарх шакллантириш тизими жорий қилинди.
2021 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, мамлакатимизда фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи 220 та маҳаллий корхона фаолият юритмоқда.
2020 йилда фармацевтика соҳаси бўйича қиймати 144,4 миллион долларлик 30 лойиҳа амалга оширилиб, 1 минг 625 та иш ўрни яратилди. 24 та янги ташкил этилган корхонага дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқариш ҳуқуқини берувчи лицензия берилди. 2,47 триллион сўмлик фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 2019 йилга нисбатан маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 9,3 фоизга ортди.
Хитой, Россия, AҚШ, Беларусь, Миср, Германия, Қозоғистон, Корея Республикаси, Ҳиндистон, Япония каби давлатлар билан ўрнатилган ҳамкорлик доирасида умумий қиймати 445,6 миллион долларлик 49 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА