Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Миллий археология марказида Фанлар академиясининг 80 йиллигига бағишланган “Ўрта Осиё моддий маданияти тарихи” номли халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Анжуманга Россия, Туркия, Хитой, Тожикистон, Польша, Қирғизистон каби давлатлардан ташриф буюрган олимлар ўз маърузалари билан иштирок этди.
—Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад замонавий миллий археологик қазилмалар қандай олиб борилиши бўйича хорижлик ҳамкасблар билан тажриба алмашишдан иборат, — дейди Фанлар академияси Миллий археология маркази директори Фарҳод Мақсудов. — Анжуман давомида археологик қазишмаларда тарихий жараённи тиклаш бўйича кўпроқ маълумотларга эга бўлдик.
Шунингдек, тадбир давомида Ўрта Осиё археологияси муаммолари, моддий маданияти тарихига доир кўплаб қизиқарли баҳслар бўлди.
Фарҳод Мақсудов таъкидлаб ўтганидек, бугунги кунда юртимиз археологлари олдида фанлараро ёндашувларни жорий қилиш асосий муаммолардан бири бўлиб турибди. Археолог олим қазишмада қўлга киритган топилмаларни тарихчи сифатида талқин қилади. Бунинг ўзи тарихни мукаммал ўрганиш учун етарли эмас. Физик, биолог, зоолог, геологлар ёки ижтимоий гуманитар фан соҳаси вакилларининг ёрдами жуда зарур. Археолог ўзи эга бўлолмаган маълумотга бошқа фан соҳаси вакиллари ёрдамида эга бўлишни фанлараро тадқиқотлар ёндашуви дейилади.
Бугунги кунда жаҳондаги йирик илмий археологик марказларда мана шу ёндашув жорий қилинган. Ўзбекистон миллий археология марказида ҳам шундай ёндашувлар билан тадқиқотлар олиб боришга ҳаракат қилинмоқда.
<iframe width=640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/_vlxMEafzIc" title="Фарҳод Мақсудов: “Тадқиқот олиб боришда фанлараро ёндашув зарур” Arxeologiya muzeyi HD" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
А.Содиқов (видео) ЎзА