Фарғонада қамоқда ўтирган 70 ёшли фирибгарга суд томонидан яна ҳукм ўқилиб, олти йилу икки ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Баъзи инсонларнинг тақдири билан танишиб, “эссиз шунча ўтган умр” дегинг келади. Олтиариқ туманилик Эгамберди Ҳожибеков ҳам шундайлар тоифасидан. Унинг тенгқурлари бугун ёши улуғ инсон сифатида маҳаллада обрў-эътибор қозонишган. Фарзандлар бахту камолини кўриб, нафақалик гаштини суришмоқда. Афсуски, Э. Ҳожибековнинг пешонасига бундай кунлар ёзилмаган экан. 1995 йилда қотиллик жинояти учун 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 2001 йилда ўталмай қолган жазосидан амнистия қарорига асосан озод қилинган. Аммо у бундан тегишли хулоса чиқармасдан осон пул топиш илинжида бўлди. Ўтган давр мобайнида 5 марта фирибгарлик жиноятини содир этганлиги учун судланди. Ўта хавфли рецидивист деб топилган бўлиб, 2015 йил 26 ноябрь кунидан бошлаб жазони ўтамоқда. У оилали, 5 нафар фарзанди бор. Етмиш ёшни қаршилаётган бу шахс яна суднинг қора курсисида ўтириб, қилмиши учун жавоб берди.
Эгамберди Ҳожибеков 2012 йилда Бешариқ тумани Пастки Яккатут қишлоғида яшовчи Даврон Ашурматов билан танишиб қолади. Қараса, у содда ва ишонувчан. Ўзининг асл исми шарифини яшириб, Марғилон шаҳрида яшовчи “Нурмуҳаммедов Баҳодир Эргашевич” эканлигини айтиб, Тошкент шаҳар МХХ бошқармасида “полковник” ҳарбий унвони билан ишлашини маълум қилади. Гап орасида ҳар қандай хизматга тайёрлигини ҳам тиқиштириб ўтади. Бир оз вақт ўтиб Даврондан 10 минг АҚШ доллар пул бериб туришини, ўн кун ичида қайтариб беришини айтиб, ушбу пулларни олган. Пулни ўз вақтида қайтариб, шу орқали унинг ишончига кирган. У бу орада Давронга бозор-ўчарлар, чойхонада жой айтиб, турли ишлар ҳам буюриб туради.
Қарамоғига яхши ўлжа илинганини билгач, асосий “иш”га ўтди. Чунки фирибгарликда Эгамбердига тенг келадигани йўқ бўлса керак. Бешариқлик йигит “Бек каратэ” клуб раҳбари лавозимида ишлаш билан бирга, фермер хўжалиги бошлиғи ҳам эди. Бундан хабар топган Эгамберди 2013 йил ноябрь ойларида Голландия давлатидан зотдор қора моллар олиб келаётганлигини, агар унга ҳам керак бўлса, олиб келиб беришини айтган. Даврон анчадан буён чорвачиликни йўлга қўйишни ўйлаб юрарди. Бу таклиф унга жуда ёқиб тушди. 200 бош голланд зотдор қора моллари учун 1 миллиард 800 минг сўм пулларни фирибгарнинг қўлига тутқазди. Э. Ҳожибеков эса пулларни шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, Э. Ҳожибеков Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисмининг “а” банди (эски таҳрир) билан айбли деб топилди. Узил-кесил 6 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва 11 миллион 938 минг 500 сўм жарима жазоси тайинланди. Ундан жабрланувчи Д.Ашурматов фойдасига 1 миллиард 800 минг сўм моддий зарар ундириш белгиланди.
М. Сулаймонов, ЎзА