Фарғонадаги халқаро теннис турнирида ҳамюртларимиз муваффақиятли старт олди
Фарғона шаҳрида Халқаро теннис федерацияси томонидан ўсмирлар ўртасида ўтказилаётган J100 таснифидаги халқаро турнирда дунёнинг 10 дан зиёд мамлакатидан ташриф буюрган ёш ракетка усталари яккалик ва жуфтлик баҳсларида ғолиблик учун курашмоқда.
Мусобақанинг яккаликлар ўртасидаги биринчи давра баҳсларида бир қатор теннисчиларимиз муваффақиятли иштирок этиб, кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди.
Жумладан, Маҳмудбек Бекназаров япониялик Кога Томани 6:0, 6:2 ҳисобида мағлуб этиб, иккинчи даврага йўл олди. Энди у мазкур босқичда ҳиндистонлик Арадякши Тижга қарши кортга чиқади. Сухроб Саидов эса хитойлик Тианжи Шаони 7:5, 3:6, 6:3 ҳисобида таслим этди. У навбатдаги баҳсда япониялик Юта Амано билан куч синашади.
Яна бир вакилимиз Данила Квасов япониялик Кодай Абени 6:3, 6:1 ҳисобида енгиб, кейинги босқичда нейтрал мақомдаги Матвей Череватий билан баҳслашадиган бўлди.
Қизлар ўртасида ҳам ҳамюртларимиз муносиб натижа қайд этмоқда. Александра Бармичева нейтрал мақомдаги Ева Султановани 6:1, 6:2 ҳисобида мағлуб этиб, кейинги босқичда исроиллик Мая Фишманга қарши кортга чиқади. Киера Ким эса исроиллик Анна Берзинни ишончли тарзда мағлуб этди. Энди у чорак финал йўлланмаси учун нейтрал мақомдаги Лейла Шахмурадова билан куч синашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА