Ёшлар – эртанги кун эгалари.
Уларнинг келажаги бутун бир миллатнинг ширин ташвишидир. Ҳозирда барча жабҳада ёшлар масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш учун нафақат ота-она, маҳалла, балки бир қатор ташкилот, идоралар ҳам масъул этиб белгиланган. Фарғона давлат университетида талабалар билан бўлиб ўтган учрашувда Фарғона вилоят судининг раиси Шуҳратжон Камолов ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, улар томонидан содир этилаётган жиноятлар ҳақида сўз юритди.
Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг ёшлар ўртасида кузатилаётгани аччиқ ҳақиқат. Афсуски, вилоятда олиб борилаётган тарғибот ишларига қарамасдан ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятлар камаймаяпти.
– Жорий йилнинг 5 ойида 81 нафар талабага оид жиноят иши кўриб тамомланган, шундан 38 та иш бўйича 39 та талабага айблов ҳукми чиқарилган, – дейди Ш.Камолов. – Талабаларнинг 12 нафарига жарима, 7 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 11 нафарига озодликни чеклаш, 7 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланиб, 42 нафарини иши ярашув асосида тугатилган. Судланганларнинг 5 нафарини аёллар ташкил этган. Содир этилган жиноятлар Жиноятлар таҳлил қилинганида ўғрилик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, фирибгарлик, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш, қасддан баданга енгил шикаст етказиш каби жиноятлар кўп.
Учрашувда ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни жиловлашнинг самарали усуллари ҳақида сўз юритилди.
М.Сулаймонов, ЎзА