Фарғонада ёш ижодкорлар саҳнада беллашди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятида ўқувчи-ёшлар ўртасида театр санъатига қизиқишни ошириш, саҳна маданияти ва ижодий тафаккурни ривожлантиришга қаратилган “Турон” мактаб театри республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Танлов Фарғона шаҳридаги Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги драма театрида юқори савияда ташкил этилди. Унда вилоятнинг шаҳар ва туманларидан келган 19 та жамоа иштирок этиб, “Бизнинг мактаб” ҳамда “Театр – ибратхона” шартлари бўйича саҳна кўринишлари орқали ўз ижодий маҳоратини намоён этди.
Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, биринчи ўрин Қувасой шаҳридаги 1-мактабнинг “Турон замин фарзандлари” жамоасига насиб этди. Иккинчи ўринни Тошлоқ туманидаги 45-мактабнинг “Жадид издошлари” жамоаси, учинчи ўринни эса Фарғона туманидаги 7-мактабнинг “Жадидлар” жамоаси эгаллади.
[gallery-28529]
Танлов якунида ғолиб ва совриндор жамоаларга диплом ҳамда эсдалик совғалари вилоят ҳокимлиги вакиллари ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбарияти томонидан топширилди.
Мазкур танлов ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни театр санъатига жалб этиш ҳамда саҳна маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА