Фарғонада яна 300 нафар мобилограф ва SMM чилар тайёрланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун Контент тайёрлаш маркази ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Ёш мобилографлар мактаби” ва “SMM мактаби” лойиҳалари битирувчилари иштирокида тақдимот бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази масъул ходими Рустамжон Халилов сўз олиб, лойиҳаларнинг аҳамияти ва уларнинг ёшларни замонавий касбларга йўналтиришдаги ўрни ҳақида тўхталиб ўтди.

“2025-2027 йилларга мўлжалланган оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва медиа платформалари учун контент тайёрлаш ҳамда кенг жамоатчиликка етказиш бўйича дастури” ижроси доирасида юртимизда “Мобилографлар мактаби” ва “SMM мактаби” лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида бугунга қадар республика бўйича 10 минг нафардан ортиқ ёшлар муваффақиятли таълим олиб, замонавий медиа соҳасида фаолият юритиш имкониятига эга бўлди. Хусусан, Фарғона вилояти ҳудудида 200 нафардан ортиқ SММ мутахассиси, 100 нафардан ортиқ мобилографлар тайёрланди.

Тадбирда “Мобилографлар мактаби” ва “SMM мактаби” фаолияти, ўқув жараёнлари ҳамда ушбу дастурлар битирувчилари бўлган фарғоналик ёшларнинг амалий ишлари ва эришган натижалари тақдимот қилинди.
Давлат ва хусусий сектор вакилларига лойиҳа битирувчиларининг касбий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, уларни иш билан таъминлаш ҳамда ташкилотларнинг медиа фаолияти ва ижобий имижини янада мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар билдирилди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА мухбири