Фарғонада халқаро физика олимпиадасига старт берилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар ҳарбий лицейлари ўқувчилари ўртасида физика фанидан халқаро олимпиаданинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги вакиллари, ҳарбий хизматчилар ҳамда олимпиада иштирокчилари қатнашди. Меҳмонлар миллий анъаналарга хос самимият билан кутиб олинди.
Маросимда сўзга чиққанлар мазкур олимпиада ёшлар ўртасида илм-фанга, хусусан, физикага бўлган қизиқишни ошириш, иштирокчиларнинг билим ва салоҳиятини синовдан ўтказиш, шунингдек, давлатлар ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
[gallery-28635]
Тадбирнинг бадиий қисмида миллий ва замонавий куй-қўшиқлар ижро этилди. Ҳарбий оркестр ва истеъдодли ёшлар чиқишлари иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Маълум қилинишича, олимпиадада мамлакатимиз вакиллари билан бир қаторда Россия Федерацияси ва Беларусь Республикасидан жамоалар иштирок этмоқда. Беллашувлар давомида иштирокчиларнинг назарий ва амалий билимлари синовдан ўтказилади.
Олимпиада баҳслари эртага ҳам давом этади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА