Фарғонада “Водийдан турон садоси” гала концерти бўлиб ўтди (+видео)
Баъзан мусиқа таржимага муҳтож бўлмайди, у қалбдан қалбга йўл топади. Фарғонада ўтказилган “Водийдан Турон садоси” халқаро гала-концерти ана шундай кечалардан бири бўлди.
“Андижон – 2026 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти” тадбирлари доирасида Фарғона вилоятидаги Ислом Каримов номидаги театр ва концерт саройида ташкил этилган мазкур йирик концерт дастури туркий халқларнинг бой маданий мероси ва миллий анъаналарини кенг намоён этди. Кечада Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Туркиядан ташриф буюрган санъаткорлар, фольклор жамоалари ва рақс ансамбллари иштирок этди.
[gallery-30120]
Тадбир аввалида ТУРКСОЙ Бош котиби ўринбосари Сайит Юсуф сўзга чиқиб, бу каби маданий учрашувлар туркий халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлашини таъкидлади. У туркий халқларни бирлаштириб турувчи тил, тарих ва маданият умумий мерос эканини алоҳида қайд этди.
Гала-концерт Ботир Эргашевнинг “Туркийлар” шеъри асосида тайёрланган бадиий чиқиш билан бошланди. Ҳамза Ҳасанов ва Гуласал Раҳмонова ижросидаги ушбу чиқиш кечага тантанавор руҳ бағишлади. Кейин эса туркий давлатлар фольклор ва рақс ансамбллари иштирокидаги “Байрамона” композицияси саҳнани ҳақиқий маданият майдонига айлантирди.
Концерт давомида Ўзбекистон миллий санъатининг сара намуналари ҳам кенг намоён бўлди. “Кел эй дунё” қўшиғи, катта ашула, мумтоз ижролар ва халқ куйлари томошабинларга миллий мусиқанинг бетакрор жозибасини яна бир бор ҳис эттирди. Айниқса, “Фантазия” рақс ансамблининг “Хон атлас” композицияси миллий либослар ва саҳна ҳаракатлари орқали ўзбек маданиятининг нафосатини намоён этди.
Халқаро дастурда қардош давлатлар вакилларининг чиқишлари кечанинг энг ёрқин лаҳзаларига айланди. Қирғизистонлик Фотима Султанова, озарбайжонлик Илкин Давлатов, қозоғистонлик санъаткорлар Айнур Нурашова ва Нуржан Жусупбеков, туркманистонлик Бахтиёр Рўзиев ҳамда туркиялик Нилгун Қизилжи ижросидаги қўшиқлар туркий халқларнинг маданий яқинлигини янада яққол намоён қилди.
Гала-концерт якунида барча иштирокчилар ижросида “Туркийлар” қўшиғи янгради. Бу финал композицияси нафақат мусиқий якун, балки туркий халқларнинг бирлиги, ҳамжиҳатлиги ва умумий маданий илдизларининг рамзи сифатида катта маъно касб этди.
<iframe width="1335" height="751" src="https://www.youtube.com/embed/aFlXg2SpIH8" title="Farg‘onada “Vodiydan turon sadosi” gala konserti bo‘lib o‘tdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова,
Муқимжон Қодиров (видео-сурат),
Салим Обиджонов (монтаж),
ЎзА