Жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман судида жорий йил 17 май куни 3 нафар шахсни ўлдиришда ва икки нафар шахсни ўлдиришга суиқасд қилишда айбланган Қува туманида яшаган А.З.га оид жиноят иши мазмунан кўриб якунланди.
Айбловга кўра, судланувчи А.З. 07.11.2020 йил куни бошқарувидаги 40 К 268 АА давлат рақамли, «Маtiz» русумли автомашинасида Қува тумани «Иттифоқ» маҳалла фуқаролар йиғинида беш нафар шахсни қасддан ўлдириш мақсадида уларнинг устига автомашинани ҳайдаб бориб, 3 кишининг вафот этишига ва 2 нафарининг турли даражадаги тан жароҳатлари олишига сабабчи бўлган.
Суднинг ҳукмига кўра, А.З. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисмининг «а», 97-моддаси 2-қисмининг «а» банди ва 109-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ЖК 59-моддасининг 3-қисмига асосан ўташ учун узил-кесил 19 йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Судланувчига тегишли бўлган 40 К 268 АА давлат белгили «Маtiz» русумли автомашина жиноят қуроли деб эътироф этилиб, давлат фойдасига мусодара қилиниши белгиланди.
Тарафларга қонунда белгиланган муддатда ва тартибда шикоят (протест) келтириш ҳуқуқлари тушунтирилди.
М.Сулаймонов, ЎзА