Фарғонада “Медиа ҳафталик” бошланди (+видео)
Журналист, ижтимоий тармоқ фаоли учун малака ошириш, замонавий билимлардан хабардорлик қанчалар аҳамиятга эга?
Дунёнинг нуфузли экспертлари таъкидлашича, глобал сиёсат йўналиши белгиланишида журналистика сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Шундай экан, унинг вакиллари замондан бир қадам олдинда юрмоғи лозим. Бунинг учун эса журналист, ахборот, контент тарқатувчи шахсининг касбий малакаси қай даражада экани муҳим.
Бугун Ўзбекистон Президенти Администрацияси Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ташаббускорлигида Фарғона шаҳрида “Медиа ҳафталик” иш бошлади. Унинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар вилоятдаги оммавий ахборот воситалари бош муҳаррирлари, ҳудудий телеканаллар мухбирлари, журналистлар ва медиа соҳаси вакиллари иштирок этаётган медиа ҳафталик манфаатли ва самарали бўлишига ишонч билдирдилар. 18-22 май кунлари давом этадиган ҳафталик доирасида замонавий медиа, контент яратиш, сунъий интеллект, мобилография ва SMM йўналишларида амалий дарслар, маҳорат машғулотлари ҳамда очиқ мулоқотлар бўлиб ўтади.
– Бундай таълим шакллари доимо керак. ОАВ вакиллари ўз устида ишламаса, замон билан ҳамнафас бўлиб янги технологияларни ўзлаштирмаса бундай таҳририятлар ёпилиб кетаверади. Мен ўйлайманки, журналистлар учун малака оширишга қаратилган таълим дастурлари кенгайиши керак, – дейди Журналистларни қайта тайёрлаш маркази директорининг ўринбосари Нозима Тошпўлатова.
Амалий машғулот ва мулоқотлар бугун уч йўналишда бўлиб ўтмоқда. Босма нашр журналистлари, телерадио мухбирлари ва монтажчи ҳамда тасвирчилик маҳорати ўқуви малакали медиа мутахассислари томонидан интерфаол услубда ташкил этилди.
– Ўзимиз учун жуда фойдали бўлган маълумотларни оляпмиз, – дейди “Навбаҳор” газетаси муҳаррири Дурдона Ғаффорова. –Аудиторияни аниқлаш, ўқувчиларга маълумот узатишда қисқалик, аниқлик, холислик борасида билимларимизни оширяпмиз. Сунъий интеллект билан ишлаш, мобилография, яъни журналистиканинг замонавий шаклларини ўрганиш ҳам муҳим. Ўйлайманки, медиа ҳафталик давомида ўзим ишлаётган газетани ривожлантириш учун керакли билимларга эга бўламан.
– Телевидениеда қандай усулларни қўлласак жамият учун кўпроқ фойдали ва қизиқарли бўлади, деган мақсадда ўқиб- ўрганяпман, – дейди Фарғона вилоят ТРК муҳаррири Мукаррама Олимова. – Мазкур машғулотлар натижасида билимим ошиб янада чуқурлашади, деб умид қиламан.
Аслида илгарилари ҳам қайсидир мавзуни ёритиш ёки оммавий ахборот воситалари учун ўқув-тренинглар бўлган. Аммо медиа ҳафталик лойиҳасида кўзда тутилганидек кенг миқёс, чуқурлаштирилган билим, амалий таҳлил ва ниҳоят журналистика техник ходимлари учун махсус курслар бўлмаган эди.
[gallery-29474]
– Нафақат йўналишлар орқали билим бериш, балки қатнашчиларнинг муаммолари ҳам эшитиляпти, – дейди Нозима Тошпўлатова. – Биргалашиб учраши мумкин бўлган инқирозни қандай қилиб бартараф этиш йўлларини ўрганяпмиз. Шунингдек, келгусида амалга ошириш зарур бўлган режаларни ҳам ишлаб чиқмоқдамиз. Яқин вақт ичида бу машғулотлар ўз самарасини беради.
Фарғонада бугун бошланган “Медиа ҳафталик” 22 майга қадар давом этади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/o4_2p25ft-o" title="Farg‘onada “Media haftalik” boshlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА