Фарғонада космик мониторинг қўлланмоқда (+видео)
Бугунги кунда космик мониторинг нафақат маълумот йиғиш воситаси, балки бошқарув қарорларини илмий асосда қабул қилиш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ҳудудларни барқарор ривожлантиришнинг муҳим омилига айланмоқда. Фарғона вилоятида амалга оширилаётган лойиҳалар айнан шу ёндашувнинг амалий натижаларини намоён этмоқда.
“Ўзбеккосмос” агентлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун космик мониторинг технологияларининг ҳудудларни бошқаришдаги амалий самарадорлигига бағишланган медиа-тур ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади космик суратлар, геоахборот тизимлари ва сунъий йўлдош маълумотлари қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари, экология ҳамда давлат бошқаруви соҳаларида қандай амалий натижалар бераётганини журналист ва блогерларга бевосита жойларда намойиш этишдан иборат бўлди.
Медиа-тур давомида журналистлар Қува туманидаги намунали интенсив боғлар фаолияти билан танишдилар.
[gallery-30154]
“Ўзбеккосмос” агентлиги мутахассислари томонидан сунъий йўлдош тасвирлари орқали боғларнинг ривожланиш динамикаси, экин майдонлари ҳолати ҳамда вегетация кўрсаткичлари мунтазам мониторинг қилинмоқда. Бу эса боғларнинг самарадорлигини масофадан туриб баҳолаш, муаммоларни эрта аниқлаш ҳамда ҳосилдорликни ошириш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш имконини бермоқда. Мазкур ёндашув мева етиштириш ҳажмини ошириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва ер ресурсларидан янада самарали фойдаланишга хизмат қилмоқда.
– Қишлоқ хўжалиги соҳасида сунъий интеллект имкониятларидан келиб чиққан ҳолда қанча миқдорда ғалла, буғдой, пахта ёки бошқа экинлар экилганлигининг кунлик мониторинг ишлари олиб борилади, – дейди Космик мониторинг ахборот технологиялар маркази лойиҳа менежери Достон Холиқов. – Бизда ҳозир экология соҳасида дарахт кесилиши кунлик мониторинг қилинади. Яъни бугун дарахт кесилдими, эртага маълумот юкланиб платформа кўринишида ҳудудий инспекторларга тақдим этилади.
Шунингдек, медиа-тур иштирокчилари Каркидон, Қўрғонтепа ва Марказий Фарғона сув омборларида амалга оширилаётган космик мониторинг ишлари билан ҳам танишдилар.
Мазкур лойиҳа сув танқислиги шароитида ҳар бир гектар ернинг ҳақиқий сув эҳтиёжини аниқлаш, суғориш тизимини оптималлаштириш ҳамда сув ресурсларини адолатли тақсимлаш имконини яратмоқда. Бу эса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигида сув тежамкор технологияларни кенг жорий этишда муҳим аҳамиятга эга.
– Масалан, бугун далада буғдой ўрилиб ёқилдими, маълумоти бугуноқ аниқланади-да, экология қўмитасига тақдим этилади. Мониторинг натижалари жойларга чиқиб ўрганилади. Ўрганишлар натижаси платформага жойланади, – дейди Достон Холиқов. – Бундан ташқари? сув омборлари соҳасида ҳам мониторинг ишлари ўтказилади. Яъни сув омборида қанча сув ҳажми бор, ҳолати қандай, қишлоқ хўжалиги ерларида экилган экин қанча сув истеъмол қилади. Бу бўйича мониторинг ҳам ишга туширилган.
Медиа-тур доирасида Фарғона вилояти ташкилотлари мутахассислари учун “Спаcе Гов Мониторинг” (СГМ) платформасидан фойдаланиш бўйича амалий тренинг ҳам ташкил этилди. Аввал Тошкент шаҳрида малака оширган мутахассислар платформадан амалий фойдаланиш кўникмаларини янада мустаҳкамладилар.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Br81_t8L23I" title="Farg‘onada kosmik monitoring qo‘llanmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА