Фарғонада “Истеъмолчилар уйи” фаолияти йўлга қўйилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳрида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳудудий бирлашмаси томонидан барпо этилган “Истеъмолчилар уйи”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур марказ истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади. Бу ерда фуқаролар мурожаатлари қабул қилиниб, бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилади, низоларни судгача ҳал этиш ва медиатив хизматлар кўрсатилади. Шунингдек, электрон хизматлар йўлга қўйилган.
[gallery-28572]
Қайд этилишича, марказ фаолияти истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мурожаатларни шаффоф кўриб чиқиш ва аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган.
Маълум қилинишича, ўтган йилда ҳудудий бирлашма ва туман-шаҳар жамиятларига 913 та мурожаат келиб тушган. Уларни кўриб чиқиш натижасида истеъмолчилар фойдасига 1 миллиард 911 миллион сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган. Шунингдек, судларга киритилган 24 та даъво аризаси бўйича 433 миллион сўмдан ортиқ зарар ундирилган.
Шу билан бирга, “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналари орқали 700 нафар фуқарога бепул маслаҳат берилган. Ички бозорда маҳсулотлар сифати ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мониторинглар ўтказилиб, қонунчиликни тарғиб қилишга қаратилган тадбирлар ташкил этилган.
Мутахассислар фикрича, “Истеъмолчилар уйи” аҳоли, давлат ва бизнес ўртасида очиқ мулоқотни таъминлайдиган муҳим марказга айланади.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА