Фарғонада истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар сарҳисоб қилинди
Фарғона вилоятида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳудудий бирлашмасининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Унда бирлашманинг 2021–2025 йиллардаги фаолияти сарҳисоб қилиниб, келгуси беш йилликда амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокама этилди.
Конференцияда ҳудудий бирлашма раиси А. Раҳмоналиевнинг ҳисобот маърузаси тингланди. Таъкидланганидек, ўтган беш йил давомида истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқаролар мурожаатларини ўрганиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилган.

Хусусан, ҳисобот даврида 3 минг 227 та давра суҳбати ва семинар ташкил этилиб, оммавий ахборот воситаларида 6 минг 238 та чиқиш қилинган. Истеъмолчилардан келиб тушган 4 минг 419 та мурожаат ўрганилиб, уларнинг манфаатлари йўлида 7 миллиард 566 миллион сўмдан ортиқ маблағ бўйича қайта ҳисоб-китоблар ва бошқа молиявий натижаларга эришилган.

Шунингдек, 3 минг 654 нафар фуқарога бепул ҳуқуқий маслаҳат берилган, 71 та жамоатчилик мониторинги ўтказилган. Истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида судларга 51 та даъво аризаси киритилган.
Тадбирда бирлашманинг 2026–2030 йилларга мўлжалланган ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ҳам муҳокама қилиниб, маъқулланди. Унда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий ва рақамли саводхонлигини юксалтириш, соҳа фаолиятини рақамлаштириш ҳамда ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш устувор вазифалар сифатида белгиланди.

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА