Мамлакатимизда давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни кенг жалб этиш бўйича Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўтказилган тажриба-синов натижаларини инобатга олиб, кадастр муҳандиси институтини босқичма-босқич жорий этиш орқали аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга муҳим эътибор қаратилмоқда.
Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси институти уй-жой фондига оид кўчмас мулк объектларига нисбатан 2023 йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий, Наманган, Фарғона ва Хоразм вилоятларида 2024 йил 1 июлдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида жорий этилади.
Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси Фарғона вилояти бошқармаларида ташкил этилган матбуот анжуманида шу каби янгиликлар ҳақида сўз юритилди. Журналист ва блогерларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 22 августда қабул қилинган “давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни кенг жалб этиш доирасида кадастр соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорининг мазмун-моҳияти, соҳага оид қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари борасида маълумотлар берилди.
– Ҳукуматнинг тегишли қарори билан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчиларнинг малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Равшан Мирзаҳмедов. – Унга кўра, рўйхатдан ўтказувчиларнинг малакасини ошириш (ҳар 3 йилда камида бир марта) Кадастр агентлигининг Тошкент геодезия ва картография коллежи Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази томонидан амалга оширилади.
Шунга кўра, Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари малака ошириш муддати келишидан 15 кун олдин марказга хат юборади. Марказ хат келиб тушган кундан 5 кун ичида рўйхатдан ўтказувчини малака ошириш курсига қабул қилади ёки уни рад этади.
Ўқув курсларининг энг кўп ҳажми 72 соатни ташкил қилади. Курслар тамомлангач, рўйхатдан ўтказувчилар тест синовидан ўтказилиб, тестдан муваффақиятли ўтганларга сертификат берилади.
М.Сулаймонов, ЎзА