Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан фарғоналик “Ҳизб ут-таҳрир ал-исломий” диний экстремистик оқими аъзоси қўлга олиниб, суд ҳукми билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Одам боласи бу ҳаётда билиб-билмай хато қилиши, адашиши мумкин. Аммо Марғилон шаҳрилик Ваҳоб Акрамов танлаган йўли разолатлигини билса-да, ундан чекинмади. 1999 йилда “Ҳизб ут-таҳрир” ташкилотига қасамёд қилиб, унинг сафига кирган. Жамоат жойларида, бозорларда диний оқимнинг варақаларини тарқатиб келган чоғда қўлга тушган. Бу қилмиши учун Жиноят Кодексининг 159-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбли деб топилиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Минг афсуски, мазкур жазони тўлиқ ўтаб, озодликка чиққач ҳам хулоса қилмади. Оила-аъзоларини олиб, ноқонуний йўл билан қўшни Қирғиз Республикасига қочиб ўтади. Ваҳоб Акрамов хавфли рецидивист бўлгани ҳолда «Ҳизб ут-таҳрир ал-исломий» халқаро террористик ташкилотига “содиқлик қасамёди”ни қабул қилиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, кейинчалик бутун дунёда шариат қонунларига асосланган халифалик давлатини қуриш билан боғлиқ жиноий ҳаракатини давом эттиради. Қирғиз Республикасида бу ташкилотнинг аъзолари билан учрашиб, жонли “ҳалқа” йиғинларида иштирок этган. Шу билан биргаликда ташкилот сафига янги аъзоларни жалб этиш ва қабул қилинган аъзоларга диний таълим бериш ишлари билан шуғулланган. У “масъул” лавозимга тайинланиб, Ўзбекистонда, хусусан, Фарғона вилояти Бағдод ва Бувайда туманларида ташкил этилган ташкилот “ҳалқа”сининг аъзолари саналган М.Солиев, П.Солиев, Х.Мамажонов, Ғ.Бекмирзаев ва бошқаларга диний экстремистик руҳдаги адабиётлардан сабоқ бериб келган.
Жиноят ишлари бўйича Бағдод суди томонидан Ваҳоб Акрамовнинг жиноят иши кўриб чиқилиб, суд ҳукми ўқилди.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири