Фарғонада байрам шукуҳи: тараққиёт ва янги марралар тантанаси
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган вилоят байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тантанада вилоят фаоллари, шаҳар ва туманлардан келган кенг жамоатчилик вакиллари – нуронийлар, меҳнат илғорлари, тадбиркорлар ва ёшлар, шунингдек, Тожикистоннинг Сўғд ва Қирғизистоннинг Боткен вилоятидан ташриф буюрган меҳмонлар иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров йиғилганларни мустақиллик байрами билан қутлаб, тантаналарнинг Бурҳониддин Марғиноний номи билан боғлиқ мажмуада ўтказилаётгани чуқур рамзий маъно касб этишини таъкидлади. Қайд этилганидек, буюк аллома мероси илм, адолат ва маърифат каби юксак қадриятларни ўзида мужассам этган бўлиб, ушбу масканда байрамни нишонлаш миллий мерос ва Янги Ўзбекистон ғоялари уйғунлигининг ёрқин ифодасидир.
[gallery-31175]
Таъкидланганидек, кейинги йилларда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Фарғона вилояти тараққиётида ҳам муҳим натижалар бермоқда. Вилоят иқтисодиёти барқарор ўсиб, хорижий инвестициялар ҳажми, экспорт кўрсаткичлари ва кичик бизнес субъектлари сони сезиларли ошди. Қишлоқ хўжалигида замонавий агротехнологиялар ва сув тежовчи усуллар кенг жорий этилмоқда, туризм соҳасида эса сайёҳлар оқими ва хизматлар экспорти изчил ўсиб бормоқда.
Тадбирда Президентимизнинг Мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда белгилаб берган устувор вазифалари, жумладан, инсон қадри ва халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилган еттита миллий дастур доирасида вилоятда амалга ошириладиган ишлар хусусида ҳам сўз юритилди.
Шунингдек, Фарғонада футболни ривожлантириш, соҳада шаффоф тизимни қарор топтириш ва ёшлар тайёргарлигини янада кучайтириш борасидаги ишлар эътироф этилди. Хусусан, “Нефтчи” футбол клубининг мамлакат ва халқаро майдонлардаги ютуқлари қайд қилиниб, вилоятни юртимизнинг футбол марказларидан бирига айлантириш йўлидаги ишлар давом эттирилиши таъкидланди.
Байрам тадбири театрлаштирилган саҳна кўринишлари ва концерт дастури билан давом этди. Эл суйган санъаткорлар ва ёш ижрочилар ижросидаги Ватан, тинчлик ва эзгуликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар байрам иштирокчиларига кўтаринки кайфият бағишлади.
Тантанали тадбир ёрқин мушакбозлик билан якунланди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА