Юртимизда кузатилаётган совуқ ҳарорат сабабли Андижон, Наманган ва Фарғона вилояти истеъмолчиларга етказиб берилаётган автобензин ҳажми оширилди.
Энергетика вазирлиги матбуот хизматига кўра, юзага келган мазкур ортиқча талабларни қондириш мақсадида бугунги кунда Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводларининг автобензин ишлаб чиқариш қувватлари 3,3 минг тоннадан 4,0 минг тоннага оширилди. Бунда ўртача кунлик 700 тонна қўшимча автобензин ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.
Шунингдек, Россия Федерациясидан импорт асосида “SDK Group And“ корхонаси томонидан олиб келинаётган АИ-92 К5 русумидаги автобензин ҳажми ҳам орттирилди.
Бу билан ички бозорда биржа савдоларига чиқариладиган автобензин миқдори савдосини оширишга эришилди.
Фарғона водийсидаги АЁҚШ ларга етказиб бериладиган кунлик автобензин ҳажми 400 тоннадан ўртача 800 тоннага оширилди.
Бунинг учун талаб этиладиган 7,8 минг тонна автобензин захираси Фарғона водийси учун сафарбар этилди.
Шу билан бирга, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи томонидан ишлаб чиқарилган автобензиннинг асосий қисми Фарғона водийси истеъмолчиларига етказиб берилиши таъминланмоқда.
Жорий ойнинг 13 санасида Фарғона водийсидаги АЁҚШ ларга жами 929 тонна, жумладан, Андижон вилоятига 503 тонна, Наманган вилоятига 202 тонна ва Фарғона вилоятига 224 тонна автобензин етказиб берилган.
Н. Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА