Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ва Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиали ўртасида 2024 йил 25 февралда имзоланган ҳамкорлик меморандумига мувофиқ Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси Тезкор қидирув хизмати Киберлаборатория маркази ташкил этилди.
Мазкур лаборатория замонавий ахборот технологиялари, компьютерлар билан таъминланди, шунингдек, лаборатория ҳудудида талабалар учун ётоқхона ҳам қурилди.
Марказнинг вазифалари ва жиноятчиликни очишда тутган ўрни ҳақида Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Исмоилжон Шарипов бизга қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Бу ерда Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиалидан саралаб олинган талабалар йил давомида ўқишдан ташқари вақтда амалиёт ўтайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 декабрдаги «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида»ги қарори талабидан келиб чиқиб, бошқарманинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалиёт ўтаётган талабалар моддий рағбатлантириб борилади.
[gallery-20165]
Киберхавфсизлик лабораториясига жалб этилган талабаларнинг амалиёт ўташи даврида хизмат интизоми ва қонунчиликка ҳамда ички ишлар органларида ўрнатилган тартиб, шунингдек, махфийлик тартиб- қоидаларига риоя этиши вилоят ИИБ Тезкор қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлими томонидан назорат қилинади.
Ушбу лабораторияси ахборот технологиялари ва киберхавфсизлик соҳасида тадқиқотлар ўтказиш ва кибержиноятчиликка қарши курашиш фаолиятида рақамли далилларни тўплаш, исботлаш ва фаолиятни техник таъминлаш мақсадида бошқарманинг Киберхафвсизлик бўлимига кўмаклашувчи марказ ҳисобланади.
Бугунги кунда кибержиноятларнинг янги турлари ва шакллари кўпайиб кетаётганлигини инобатга олиб, ушбу марказда аҳоли орасида ҳали учрамаган кибержиноятларнинг кўриниши, амалга ошириш тартиби ва ундан ҳимояланиш чоралари тўғрисидаги тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш ҳамда бунинг учун зарурий тарқатма материаллар (видеоролик, акция, планшет, флешбомлар)ни тайёрлаш кўзда тутилмоқда.
Соҳа эҳтиёжлари учун АКТ, рақамли иқтисодиёт, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик, техник воситалар ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш йўналишида тадқиқотлар олиб борилади.
Ҳимояланган ахборот тизимлари ва ресурсларига, маълумотларни узатиш тармоқларига ҳужум ва қонунда белгиланмаган тартибда тизимга киришларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш учун автоматлаштирилган ақлли тизимларни ишлаб чиқиш ҳамда алоқа ва телекоммуникация каналлари орқали махфий ахборотни олиб кетишдан ҳимоя қилиш юзасидан тегишли тадбирлар ИИБ маъсул ходимлари билан биргаликда ўрганилади.
Соҳада ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамли иқтисодиёт соҳасида рақобатбардош маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш бўйича инновацион “Start Up” лойиҳаларини амалга оширишда кўмаклашиш ҳамда интернет тармоқлари юзасидан мониторинг ишларини ташкил этиш лабораториянинг асосий мақсад ва вазифаларидан саналади.
ЎзА мухбири
М.Обидов ёзиб олди.