Фарғона вилояти ҳокими кубоги: Тошлоқ тумани жамоаси ғолиб бўлди (+видео)
Ишонинг, бунақаси илгари бўлмаган. Фарғона вилоятида турли диний конфессиялар вакиллари ўртасида мини-футбол бўйича “Вилоят ҳокими кубоги” мусобақаси ташкил этилди.
Тўрт кун давомида шаҳар ва туманларда фаолият юритаётган диний соҳа вакилларидан ташкил топган 19 та жамоа ғолиблик учун қизиқарли баҳсларни олиб борди.
Бугун эса финал ўйинлари ва мусобақа ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Финалда Тошлоқ ва Бувайда тумани масжидлари, диний идоралари ходимлари, аҳли илм вакиллари тўп суришди. Кескин баҳсда Тошлоқ тумани жамоаси ғолиб чиқиб, биринчи ўринни эгаллади ва “Фарғона вилояти ҳокими кубоги” эгаси бўлди.
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, футбол ишқибозлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Тақдирлаш маросимида сўз олган вилоят ҳокими соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда диний соҳа вакиллари ҳам фаоллик ва шахсий намуна кўрсатаётганини юқори баҳолади.
– Футбол миллионлар ўйини сифатида турли миллат вакилларини бирлаштиради, ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик ва биродарлик туйғуларини мустаҳкамлайди, – деди вилоят ҳокими. – Бу мусобақа анъанавий бўлиб давом этади.

Фарғоналик диний соҳа вакилларининг нафақат спорт мусобақаларида, балки “Заковат” интеллектуал ўйинларида ҳам фаол иштирок этиб, ёшларга илм-маърифат борасида ибрат бўлмоқда.
Сўзга чиққанлар келгусида спортнинг бошқа турлари бўйича ҳам мусобақалар ташкил этиш таклифини билдирдилар.
Турли номинациялар бўйича совриндорлар ҳамда ғолиб жамоалар кубок, медаллар, эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА