Президент топшириғи амалда
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил август ойида ўтказилган энергия тежамкорлигини таъминлаш, муқобил қувватлардан фойдаланишни кенгайтириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилишда берилган бир қатор топшириқлар ижроси юзасидан Ислом Каримов номидаги ТДТУ Олмалиқ филиалида илмий-амалий семинар ўтказилди.

Тадбирда вилоят прокуратураси, Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги вакиллари, филиалнинг энергетика соҳаси тадқиқотчилари, таъминотчи корхоналар ҳамда тегишли ташкилот раҳбарлари иштирок этди. Семинарда вилоят прокурори С.Эшқувватов “энергия сифати”, “ишончлилиги” ва “иқтисодийлиги” каби мезонлар асосида тадқиқотлар олиб бориш, мавжуд муаммолар ҳақида илмий хулосалар олиш технологик йўқотишларни бартараф этишдаги ўрни ҳақида гапирди.

Семинарда мутахассислар томонидан филиал тадқиқотчилари, энергоинспекция ва электр тармоқлари корхоналарининг ходимларидан иборат ишчи гуруҳларнинг вазифалари ҳақида атрофлича тушунчалар берилди. Биринчи галда Фарғона тажрибаси асосида энергия самарадорлигига эришиш бўйича ташкил этилган йўл харитаси ижросини бажариш лозимлиги айтиб ўтилди.

Барча туман-шаҳарларга бириктирилган ТДТУ Олмалиқ филиали профессор-ўқитувчилари билан ҳудудлардаги электр энергияси тизимидаги йўқотишларни илмий таҳлил қилишга оид масалалар кўриб чиқилди. Сабаби совуқ кунлар бошлангани сари айрим жойлардаги электр таъминотидаги узилишлар кўпаяди. Бу эса ўз навбатида аҳолининг норозиликларига олиб келади. Шу сабабдан, айнан шундай нуқталарда мавжуд муаммоларни ўрганиш ва қулай ечим топиш лозимлиги айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, аҳоли хонадонларига энергия тежамкор ускуналарни ўрнатилиши юзасидан ўрганишлар олиб борилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.