Бугун халқ депутатлари Фарғона шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этган сессияда ташкилий масала кўрилди. Фарғона вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев Фарғона шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқланди.
У 1976 йилда Фарғона туманида туғилган. Фарғона политехника институтини тамомлаган. 2010-2014 йиллар вилоят ғазначилик бошқармаси бошлиғи, 2014-2015 йиллар вилоят ҳокимлиги молия бошқармаси бошлиғи, 2016-2020 йиллар Марғилон шаҳар ҳокими бўлган.
Шунингдек, Дилмурод Қобулов шаҳар прокурори, Дилмурод Асқаров шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи, Нуриддин Эркабоев шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғи этиб тайинланди. Бобурбек Мўминов эса шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасида иш бошлади.
Давлатимиз раҳбари Фарғона вилоятига ташрифининг иккинчи кунида, яъни 5 февраль куни кутилмаганда Шодиёна маҳалласига борди. Кўчаларда пиёда юриб, аҳоли билан суҳбатлашди, муаммолар кўплиги маълум бўлди. Секторлар ишини тизимли ташкил этмагани ва йўл қўйилган камчиликлар учун Фарғона шаҳрининг 4 та сектор раҳбари: ҳоким Ҳамиджон Ҳабибидинов, прокурор Адҳамжон Маматалиев, ички ишлар бўлими бошлиғи Шавкатжон Дадахонов ва давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Воҳиджон Бобобеков лавозимларидан озод қилинди.
М. Сулаймонов, ЎзА