Сўнгги янгиликлар
Noyabr 2026
| Y | D | S | CH | P | J | SH |
|---|---|---|---|---|---|---|
| 1 | 2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 |
| 8 | 9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 |
| 15 | 16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 |
| 22 | 23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 |
| 29 | 30 | 1 | 2 | 3 | 4 | 5 |
Фарғонада 20 минг оилага моддий ёрдам тарқатилмоқда

Дилфуза опа бир неча йиллардан буён шу фарзандига қараб келмоқда.
Фарғона шаҳар “Янгийўл” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Дилфузахон Маҳмудова учун шаҳар ҳокимининг хонадонига кириб келиши кутилмаган ҳолат бўлди. Тўғри, байрамларда, турли саналарда оиласидан хабар олиниб, ёрдам бериларди. Карантин давридаги бу галгиси бошқача бўлди. Қурбон ҳайити байрами арафасидаги бу галги йўқловдан боши осмонга етди.
Шаҳар ҳокими Ҳамиджон Ҳабибиддинов опа ва унинг оила-аъзоларидан ҳол-аҳвол сўраб, унга давлатимиз томонидан ажратилган бир миллион сўм миқдорида пул ва озиқ-овқат маҳсулотларини топширди.
“Темир дафтар”га киритилган мазкур оилада 5 нафар киши истиқомат қилади. Оила бошлиғи Бахтиёржон ака саломатлиги ёмонлашгани учун ҳозирда ишсиз. Катта фарзанди Нигорахон эса биринчи гуруҳ ногирони. Дилфуза опа бир неча йиллардан буён шу фарзандига қараб келмоқда.
– Президентимизга минг раҳмат, – дейди Д. Маҳмудова. – Доимо биздек оилаларга қўлдан келганча ёрдам беришяпти. Кеча вилоят ҳокимлиги вакиллари дори-дармонлар жамланмасини олиб келди. Бугунги мана бу кўмак ҳам бизни жуда хурсанд қилди.
Оғир кунларда инсонга далда бўлиш, озгина эътибор кўрсатишдан эзгу амал йўқ аслида. Қурбон ҳайити кунларида мамлакатимиздаги эҳтиёжманд оилаларга кўрсатилаётган эътибор барчани мамнун этмоқда.
Ҳукуматимизнинг фармойиши асосида “Саховат ва кўмак” фонди орқали ажратилган маблағ Фарғона вилоятидаги ижтимоий ҳимояга мухтож оилаларга етказиляпти. Шаҳар ва туманлардаги сектор раҳбарлари моддий ёрдамни тарқатишда бош-қош бўлаётир.
Шунингдек, вилоят ҳокимлиги томонидан ҳам эҳтиёжманд оилаларга озиқ–овқат маҳсулотлари ва нақд пул бериляпти. Ана шундай ёрдам шаҳар ва туманлардаги 20 минг оилага кириб боради.
Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бугун Ёзёвон, Қўштепа тумани ва Фарғона шаҳридаги бир қатор эҳтиёжманд оилаларнинг хонадонида бўлиб, уларни Қурбон ҳайити билан табриклади. Мазкур оилаларга моддий ёрдам ва рўзғор учун керакли маҳсулотлар топширилди.


https://uza.uz/posts/212699
Улашиш




