Пойтахтимиздаги "Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири ҳамда “Олтин қалам” XIX Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан мазкур муҳташам саройга соҳа вакиллари, устоз журналистлар, медиа соҳасида хизмат қилаётган ижодкорлар, ношир ва матбачилар, журналистика йўналишидаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, олим ва тадқиқотчилар таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригини Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.
Медиа соҳаси вакилларининг касб байрами арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга кўра, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик тамойилини мустаҳкамлашга қўшаётган муносиб ҳиссаси, глобал ахборот майдонида миллий манфаатларимизни ҳимоялаш, Янги Ўзбекистонда эришилаётган улкан ютуқларни кенг тарғиб этишдаги катта хизматлари, юқори малакали, замонавий журналист кадрларни тайёрлаш, ёш авлодни юртга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдаги самарали фаолияти ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ ҳамкасбларимиз Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ана шу мукофотларни ўз соҳибларига топширди.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, "Янги Ўзбекистон" ва "Правда Востока" газеталари таҳририятининг бош муҳаррири, устоз ижодкор Салим Дониёров, "Шуҳрат" медали соҳиблари, "Gazeta.uz" интернет нашри муҳаррири Элина Сакаева, «Kamoliddin Rabbimov» телеграм канали асосчиси, сиёсатшунос ва блогер Камолиддин Раббимов соҳа равнақига кўрсатилаётган эътибор учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда кечаётган шиддатли ўзгаришлар жараёни миллий медиа соҳасини ҳам ижобий маънода тубдан ўзгартириб юборди. Сўз ва матбуот эркинлигини амалда таъминлаш, бу борада фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, барча турдаги оммавий ахборот воситаларини шиддат билан ривожлантириш учун зарур барча шароит ва имкониятлар тўлиқ яратилмоқда. Айни пайтда журналистларимизнинг жаҳон ҳамжамияти билан ҳамқадам бўлиши, янада эркин, самарали, кенг қамровли фаолият кўрсатиши йўлида барча имкониятлар ишга солинмоқда.
Тантанали тадбирда миллий матбуотимиз, ноширлик иши, оммавий ахборот воситалари ривожига кўрсатилаётган эътибор хусусида батафсил сўз юритилди.
Дарҳақиқат, бугун фаол ва фидойи журналистларниг бонг уриши натижасида кўтарилаётган муаммоларга тезлик билан эътибор қаратилиб, уларга ўз вақтида ва ижобий ечим топилмоқда. Бу борада янада дадил ва ташаббускор бўлиш зарурлигига оид ғоя Президентимиз томонидан илгари сурилаётгани ижод аҳлига тобора кўпроқ илҳом бағишламоқда. Бу эса миллий матбуотимизда, интернет нашрларида, телевидение ва радио орқали узатилаётган материалларни янада ранг-баранг, қизиқарли, долзарб, ижтимоий аҳамиятга молик бўлишини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Дарҳақиқат, бугуннинг фидойи, заҳматкаш, ўзидан ҳам кўра миллат, Ватан, халқ манфаатларини устун биладиган журналистларни юрт истиқболи учун жонини фидо этган жадид боболаримизга қиёсласак, сира муболаға бўлмайди. Зеро, миллий журналистикамизнинг шонли тарихи, унинг тараққиёти ўз тақдирини Ватан, эл-юрт тақдири билан вобаста билган маърифатпарвар жадид боболаримиз фаолияти, ибратли эзгу саъй-ҳаракатлари билан узвий боғлиқ.
Тантанали тадбирда “Олтин қалам” Миллий мукофоти ташкилий қўмитаси раиси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ахборот соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани, журналистларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганига тўхталди, бу йилги “Олтин қалам” мукофоти ҳақида маълумот берди.
"Олтин қалам" XIX Миллий мукофоти учун халқаро танловда 499 та журналист ва ОАВ вакиллари 3 минг 251 тадан зиёд ижодий ишлари билан иштирок этган. Бу ўз навбатида, жамиятда юз бераётган ўзгаришлар, янгиланишлар жараёнида журналистларнинг фаоллигини кўрсатади.
Президентимизнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида 2023 йилдан бошлаб “Олтин қалам” танлови рағбатлантирувчи номинациялари 5 тадан 12 тага кўпайтирилди.
Мазкур қарорга мувофиқ, 1-ўрин соҳибига Ўзбекистонда белгиланган базавий ҳисоблашнинг 200 баравари, 2-ўрин соҳибига 175 баравари, 3-ўрин соҳибига 150 баравари миқдорида пул мукофоти берилади. Шунингдек, 12 та рағбатлантирувчи номинациянинг ҳар бир ғолиби базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.
Журналистлар ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танлов демократик тамойиллар асосида янада очиқ ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида ҳар йили танлов Ҳакамлар ҳайъати таркибига йўналишлар бўйича устоз журналистлар, медиа соҳасининг таниқли вакиллари киритилади. Тақдим этилган ижодий ишлар эса мавзунинг ижтимоий аҳамияти, журналистнинг фуқаролик позицияси, танқидий-таҳлилий мушоҳада, сўзга масъулият ва ифода маҳорати, ижодий фаолиятга янгича ёндашув каби мезонлар асосида холис баҳоланди.
Тадбирда “Олтин қалам” Миллий мукофотига сазовор бўлган ҳамкасбларимизга пул мукофотлари, дипломлар, махсус статуэткалар топширилди. Бош мукофот "Гулхан" журнали таҳририятига (бош муҳаррир Заҳро Ҳасанова) насиб этди.
- Мамлакатимизда журналистика соҳасига, айниқса, болалар учун сифатли, мазмунли контент тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда, - деди "Гулхан" журнали бош муҳаррири Заҳро Ҳасанова.- Бу эътибор соҳа ходимларини янада илҳом билан ижод қилишга ундайди. Болалар нашрларига бўлган эътибор келажакка бўлган эътибор, демакдир. Шундай экан, келажагимиз албатта порлоқ бўлади.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Конунчилик Палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов иштирок этди.
Тадбирда мусиқий дастур намойиш этилди.
Назокат УСМОНОВА, ЎзА мухбири