Фан олимпиадаларида эришилган ютуқлар таҳлил этилди, галдаги вазифалар белгиланди
Пойтахтимизда "Фан олимпиадаларида эришилган ютуқлар ва юртимизда ўтказиладиган нуфузли халқаро олимпиадаларга тайёргарлик жараёнлари" мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илм-фан соҳасидаги салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда халқаро фан олимпиадаларига тизимли тайёрлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Натижада Ўзбекистон халқаро фан олимпиадаларида нафақат иштирокчи, балки юқори натижаларни қайд этаётган давлатлардан бирига айланди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, 1997-2015 йиллар давомида математика, физика, кимё, биология ва информатика бўйича нуфузли халқаро олимпиадаларда жами 49 та медаль қўлга киритилган бўлса, 2016–2025 йилларда бу кўрсаткич 78 тага етди. Энг муҳими, олтин медаллар сони 2 тадан 9 тага ошди.
2019 йилдан бошлаб иқтидорли ёшларни аниқлаш ва тайёрлашнинг янги тизими жорий этилиши натижасида Ўзбекистон халқаро майдонда медаль соҳиблари сафидан мустаҳкам ўрин эгаллай бошлади.
2023 йилда ўқувчиларимиз тарихий натижага эришиб, асосий халқаро фан олимпиадаларида 13 та медални қўлга киритди. 2024 йилда эса натижалар янада яхшиланиб, халқаро ва минтақавий олимпиадаларда 120дан ортиқ медаль қўлга киритилди. Шундан 61 таси нуфузли халқаро фан олимпиадаларига тўғри келади.
Мазкур ютуқларнинг асосида Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Фан олимпиадалари маркази фаолияти турибди.
Президентимизнинг 2024 йил 30 сентябрда қабул қилинган қарори асосида ташкил этилган ушбу Марказ қисқа вақт ичида халқаро олимпиадаларга тайёрлашнинг замонавий тизимини йўлга қўйди. Бугунги кунда маҳаллий ва хорижий тренерлар иштирокида кучайтирилган ўқув-машғулотлари ташкил этилмоқда, халқаро олимпиадаларда иштирок этиш имконияти эса 22 тадан 29 тагача кенгайтирилди.
Шунингдек, Ўзбекистон бугунги кунда халқаро фан олимпиадаларининг фаол мезбонига ҳам айланмоқда.
2026 йилда мамлакатимизда 8 та халқаро ва минтақавий олимпиада ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, уларнинг учтаси муваффақиятли ташкил этилди.
Наманган вилоятида ўтказилган II Абу Али ибн Сино номидаги халқаро биология олимпиадасида 12 давлатдан 94 нафар ўқувчи қатнашди. Ўзбекистон терма жамоаси 11 та медални қўлга киритди.
Тошкент шаҳрида илк бор ташкил этилган "Буюк Шарқ Ренессанси" халқаро олимпиадасида Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида мутлақ ғолиб бўлди.
Шунингдек, Ал-Хоразмий номидаги халқаро математика ва информатика олимпиадасида 23 давлатдан 221 нафар иштирокчи қатнашди ва ўзбекистонлик ўқувчилар 57 та медални қўлга киритди.
Бу натижалар мамлакатимизнинг халқаро илмий ҳамжамиятдаги нуфузини янада мустаҳкамламоқда.
Фан олимпиадаларини ривожлантириш бўйича яна бир муҳим йўналиш — тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш.
Бугунги кунда кўп босқичли саралаш тизими жорий этилди, миллий терма жамоалар учун мунтазам ўқув йиғинлари ташкил қилинмоқда, халқаро экспертлар жалб этилмоқда, ғолиблар ва уларнинг устозларини рағбатлантириш тизими сезиларли кучайтирилди.
Бундан ташқари, 5-8-синф ўқувчиларини эрта аниқлаш, «Интеллектуал оромгоҳлар» ташкил этиш ҳамда халқаро стандартларга мос масалалар тўпламларини нашр этиш йўлга қўйилди.
Жорий йил мамлакатимиз учун алоҳида аҳамиятга эга. 10-19 июль кунлари Тошкент шаҳрида тарихда илк бор 58-Халқаро кимё олимпиадаси бўлиб ўтади.
Мазкур олимпиада дунёнинг энг нуфузли фан мусобақаларидан бири бўлиб, унда 95 дан ортиқ давлат делегацияларининг иштироки кутилмоқда. Олимпиада доирасида 371 нафар ўқувчи,185 нафар жамоа раҳбари, ўнлаб халқаро экспертлар, кузатувчилар ва меҳмонлар мамлакатимизга ташриф буюради.
Назарий босқич «Central Asian Expo Uzbekistan» мажмуасида, амалий босқич эса Ўзбекистон Миллий университетининг замонавий талабларга мос равишда реконструкция қилинган Кимё факультети лабораторияларида ўтказилади.
Бугунги кунга қадар халқаро олимпиадага тайёргарликнинг барча асосий йўналишлари бўйича кенг кўламли ишлар якунланди. Илмий ва ташкилий қўмиталар шакллантирилди, халқаро платформалар ишга туширилди, лабораториялар тўлиқ жиҳозланди, меҳмонхоналар, транспорт, экскурсиялар, волонтёрлар фаолияти ва барча ташкилий масалалар бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилди.
Бугунги кунда рўйхатдан ўтиш платформаси орқали юзлаб иштирокчилар рўйхатдан ўтган бўлиб, аксарият делегациялар Ўзбекистонга ташрифини тасдиқлаган.
Ишонч билан айтиш мумкинки, 58-Халқаро кимё олимпиадасинафақат илмий мусобақа, балки Ўзбекистоннинг таълим тизими, илм-фан салоҳияти ва халқаро нуфузини намоён этувчи муҳим халқаро майдонга айланади.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди.
Н.Усмонова, ЎзА