Ўзбекистон Фанлар академияси ва “Ўзбекистон технологик металллар комбинати” акциядорлик жамияти ўртасида фан, таълим ва инновацион ривожланиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.
Ушбу ҳужжат юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва замонавий технологияларни жорий этишни кенгайтириш, кончилик, металлургия, материалшунослик ва кимё соҳаларида илмий-амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашни назарда тутади. Томонлар узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, таълим дастурларини ривожлантириш ва фанни ишлаб чиқариш билан интеграциялашни мақсад қилган. Бу юзасидан ФА Ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Ҳамкорлик доирасида эса келгусида халқаро лабораториялар ва илмий тадқиқот институтлари иштирокида қўшма илмий-тажриба ишлари ва инновацион ишланмаларни амалга ошириш, хорижий тажриба асосида халқаро стандартларга мувофиқ таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, талабалар ва мутахассислар учун хорижий таълим муассасалари ва корхоналарда стажировкалар, амалиётлар ва малака ошириш дастурларини ташкил этиш каби йўналишларда иш олиб борилади.
Бундан ташқари, технологиялар трансфери ва корпоратив венчур дастурларини ташкил этиш орқали инновацион стартапларни қўллаб-қувватлаш ва рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқишга кўмаклашиш, халқаро ташкилотлар ва хорижий мутахассисларни жалб этиш орқали қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳамкорликни кенгайтириш, меморандум доирасида саноат учун инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида илмий-ишлаб чиқариш консорциумларини ташкил этиш ҳамда халқаро форумлар, конференциялар ва семинарларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Меморандум уч йил муддатга тузилди. Ҳужжат ҳар икки томоннинг ҳамкорликни чуқурлаштириш, илмий-техникавий салоҳиятни ривожлантириш ва маҳаллий кон-металлургия саноатининг рақобатбардошлигини ошириш бўйича интилишларини акс эттиради.
М.Эшмирзаева, ЎзА